Нурали Бакирдинов: "Мақсадим ўзбекистонлик спортчиларга қўлдан келганча ёрдам беришдир"

  • 14 июль, 14:30
  • 0
  • MMA

Бир неча йиллар аввал ўзбек яккакураш оламида Нурали Бакирдинов чақмоқ каби порлаб кириб келган эди. Кикбоксинг, муайтай ва бошқа яккакураш турларида бир қатор муваффақиятларга эришган. Ўзбекистон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган, Халқаро турнирларда ҳам муваффақиятларга эришганди. Айниқса, унинг ММАда қозоғистонлик ҳозирда ONE Championshipning юлдузларидан бири Қайрат Ақметовга қарши жанги ҳам ёдда қолганди. Шунингдек, у жуда жиддий жароҳатдан сўнг яна спортга қайта олган матонатли спортчилардан бири саналади. Хуллас, у катта спортдаги фаолиятини якунлаганидан кейин, ММА, Унифайт, К-1, Айкидо каби яккакураш турларида рефери сифатида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, мураббий сифатида ёш истеъдодларга тарбия бериб келаётганлигини ҳам айтиб ўтишимиз жоиз. Аммо, сўнги ММА бўйича Ўзбекистон чемпионатида рефери сифатида кўрмаяпмиз. Шунинг учун биз ушбу мутахассис билан боғланиб, қисқача суҳбатда бўлдик. 

- Нурали негадир сўнги вақтларда сизни мусобақларда камроқ кўряпмиз?

-  Нега энди? Мен кўплаб мусобақларда шогирдларим билан иштирок этаяпман. Рефери сифатида ҳам фаолият юритяпман. Балки сизнинг кўзингиз тушмагандир?

- Демоқчиманки, сўнги ММА чемпионатида иштирок этмадингиз?

- Ҳа, шу биргина турнирда баъзи ишларим туфайли бора олмадим. Қолган яккакураш турнирларига бордим. 

- Тушунарли, ҳозирда яна нималар билан машғулсиз?

- Мураббий сифатида ёш истеъдодларни тарбиялашга ҳаракат қилаяпман. МҲСКда ҳам мураббий сифатида фаолият олиб бораяпман.  Насиб қилса, яқин вақтларда шогирдларим билан улкан натижалар қайд этаман. 

- Менежер сифатида ҳам ўзингизни синаб кўраётгандингиз?

- Ҳа, албатта бир қатор хориж лигалари ва промоушенлари билан ҳамкорлик қилишга ҳаракат қилаяпман. Улар билан яхши муносабатдаман. Бу борада ҳам ўзбекистонлик спортчиларга қўлдан келганча ёрдам қилиш ниятидаман. 

- Негадир фаолиятингизни эрта якунладингиз? 

- Хабарингиз бор, жуда жиддий жароҳат олгандим. Албатта, бу қийинчиликни енгиб катта спортга қайта олдим. Бироқ, барибир бу ўз таъсирини кўрсатди ва англадимки фаолиятимни якунлаш керак. Юқорида айтганимдек, ўзим эришмаган чўққиларга шогирдларим билан етишаман. 

 - Умуман мураббий сифатида етук спортчи бўлиш учун нимага аҳамият бериш керак деб ўйлайсиз?

- Ўз-ўзини тарбиялаш жуда муҳим саналади. Шунингдек, қатъиятни талаб қилади - ҳатто қийин дақиқаларда ҳам олдинга интилиш қобилиятини шакллантириш керак.. Бундан ташқари, ҳис-туйғуларингизни назорат қила олиш ва натижага эътибор қаратиш муҳимдир.

- АҚисқача суҳбат учун ташаккур. Ишларингизга омад тилаймиз!

- Катта раҳмат. 


Маълумот учун, Нурали Бакирдинов 1987 йил 17 январда Фарғона вилоятининг Янгиқишлоғида таваллуд топган. 5 ёшидан кикбоксинг билан шуғулланган ва Халқаро спорт устаси даражасига етишган. 



 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!