Нурилло Тўхтасинов: Друлович бизга янгича услубларни ўргатяпти

«Бунёдкор» клубидаги бир қатор футболчилар Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг муҳим аъзолари саналишади. Ана шундай ўйинчилардан бири ярим ҳимоячи Нурилло Тўхтасиновдир. Клубида ўз ўрнига эга бўлган футболчи олимпия термасида ҳам ана шундай мавқега эга. Шунинг учун бош мураббий Любинко Друловичнинг режаларидан ўрин олган. Яқинда эса Тўхтасинов ҳам олимпия терма жамоасининг Жанубий Кореядаги йиғинида иштирок этиб қайтди.

Аммо ҳозирча «Бунёдкор»нинг қайд этаётган натижалари кўнгилдагидек эмас. Тўғри, жамоа учинчи ўрин учун кураш олиб бормоқда. Лекин охирги ўйинлардаги мағлубиятлар туфайли мухлисларини ҳавотирга солиб қўймоқда. Табиийки, Нурилло Тўхтасинов билан ўзаро суҳбатимиз давомида ушбу масалага ҳам тўхталиб ўтдик. Биринчи навбатда эса Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳақидаги саволларга жавоб олдик. Чунки улар яқинда Кореядаги йиғинни якунлаб қайтиб келишди. Шу билан бирга Осиё чемпионатидаги гуруҳимиз хусусида ҳам тўхталиб ўтдик.

- Яқинда олимпия терма жамоамиз Жанубий Кореяда йиғин ўтказиб қайтди ва мазкур тайёргарлик жараёнида Корея олимпиячиларига қарши иккита ўйин ҳам ташкил этилди. Ўша йиғин давомида кўпроқ нималарга эътибор қаратилди?

- Жанубий Кореядаги йиғинимиз ҳар доимгидек тайёргарлик каби ўтди. Албатта, ўртоқлик учрашувидаги рақибимиз Корея бўлгани сабабли биз жиддийроқ тайёргарлик кўрдик. Тўғри, аниқ бир нимагадир эътибор берилмади, аммо ҳар бир йиғин Осиё ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Жанубий Корея билан ўйин эса биз учун муҳим эди. Чунки Осиё чемпионатида улар билан битта гуруҳдан жой олганмиз.

- Албатта, Корея билан бир гуруҳдошмиз. Шунга қарамасдан, у ерда йиғин  ҳамда уларга қарши  назорат учрашувлари ташкил этилди. Шуни унутмаслик керакки, бу йиғин қуръа ташлашдан анча аввал режалаштириб қўйилганди. Табиийки, гуруҳдаги рақиблар номи маълум бўлгач, Кореядаги йиғинда бўлажак рақибга нисбатан янада жиддийроқ ва эътиборлироқ бўлиш талаб этилгандир-а? Ҳар ҳолда уларга қарши учрашувлар ўртоқлик мақомидан кўра юқорироқ даражага кўтарилган бўлса ажаб эмас…

- Ҳа, тўғри айтдингиз. Бу ўйин биз учун оддий ўртоқлик ўйинидан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга эди. Бу ўзимиз учун ҳам, рақиб учун ҳам эътиборлироқ бўлди. Шу боисдан ушбу ўйинларда улардан кўра кучли эканлигимизни исботлашимиз керак эди. Албатта, рақибнинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганиб чиқдик. Бу ҳолатлар Осиё ўйинларида бизга фойда беради деган умиддаман.

- Кўпчилик терма жамоамизни Осиё ўйинларида «ўлим гуруҳи»дан жой олганлиги ҳақида муносабат билдиришмоқда. Жанубий Корея, Хитой ва Эрон чиндан ҳам кучли рақиблар. Аммо Ўзбекистон ушбу мусобақада амалдаги Осиё чемпиони сифатида иштирок этади. Бу ҳолат сизларга қўшимча босим юкламайдими? Умуман олганда, қуръадан аввал қандай рақибларни кутгандингиз?

- Тўғри, босим ҳар доим бўлган. Лекин қуръадан аввал қандайдир тахминлар қилмагандим. Биз ҳамма жамоаларни ҳурмат қиламиз. Агар биз нимагадир эришмоқчи бўлсак, барибир қандай рақиб бўлишидан қатъий назар ютишимизга тўғри келади. Шунинг учун бизга қайси рақибларнинг тушиши у қадар муҳим эмасди. Асосийси, биз кўзлаган мақсадимизга эришишимиз керак.

- Олимпия терма жамоамизни Осиё ўйинларида муваффақиятли қатнашиши ҳамда Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун сербиялик Любинко Друлович таклиф қилинган. Айтинг-чи, ушбу мураббийга қандай таъриф берган бўлардингиз? Ундан қандай янгиликларни ўрганяпсизлар?

- Друлович ҳақида гапирадиган бўлсам, албатта унинг машғулотларида янгича нарсаларни кўряпмиз ва буни ўзимиз яқиндан ҳис қиляпмиз. Машғулотлар давомида бизга европача ўйин услубини сингдириб бормоқда. Шунингдек, жамоада тартиб-интизомни ҳам ўз йўлига тушириб қўйган. Шу боисдан жамоамизда муҳит ажойиб даражада десам муболаға бўлмайди.

- Вадим Абрамов миллий терма жамоамизга бош мураббий бўлганидан кейин негадир унинг «Бунёдкор»даги натижалари ижобий кўриниш олмаяпти. Бу борада сиз нима деган бўлардингиз?

- Биласизми, бу ҳолатга аниқ бир нарса сабаб сифатида кўринмаяпти. Шунчаки, ўйинимиз ўхшамаяпти. Аслида эса ҳамма жамоада ҳам бундай ҳолатлар бўлиб туради. Лекин биз ўзимизга ишонамиз. Шунинг учун мавсумни яхши якунлашга ҳаракат қиламиз.

- Шу билан бирга «Бунёдкор» аъзолари сифатида сизларда Абрамовга ўзингларни ҳар томонлама кўрсатиш имконияти кўпроқ. Балки Абрамов терма жамоа бошқарувини ўз қўлига олгач, қандайдир ўзгаришлар сезилаётгандир…

- Йўқ, ҳамма нарса олдингидек. Абрамов миллий терма жамоага бош мураббий бўлишидан олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам худди шундай. Вадим Карленович шундай инсонки, сизнинг биргина хатоингиз ёки яхши ҳаракатингизга қараб баҳо бермайди.

- «Пахтакор» муддатидан олдин чемпионликни нақд қилиб қўйган. Иккинчи ўрин эса катта эҳтимол билан «Локомотив»га насиб этадиган кўринади. Бронза учун эса «Бунёдкор» билан «Сўғдиёна» кураш олиб боряпти…

- Учинчи ўринни сақлаб қолиш учун бизда етарлича имкониятимиз бор. Худо хоҳласа, албатта мақсадимизга етамиз. Ҳали олдимизда яна тўртта ўйин бор.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!