"Ньюкасл"га қарши баҳсда Ямалнинг нега ўйини чиқмади?
УЕФА Чемпионлар лигаси 1/8 финали доирасида "Ньюкасл" ўз уйида "Барселона"ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу баҳсда каталонияликлар асосан ҳимояга эътибор қаратишни маъқул кўрди.
Учрашувда пенальтидан гол урганига қарамай, Ламин Ямалнинг ўйини кутилган даражада чиқмади. Бу ҳолатнинг бир нечта сабаблари бор.
Хўш, Ханси Флик ушбу ўйинда тактикани ўзгартиришга қарор қилдими?
Ямал бу ўйинда у қадар актив бўлмаганини, Холл уни осон зарарсизлантирганини сабаби бор. Бу - Араухонинг юқорига кўтарилиб ўйнамагани. Одатда, “Барса”да Ламин-Кунде тандеми ўз қанотида хавф туғдиради. Кунде Ямалга жуда яқин ўйнайди ва Ламинда иккита вариант бўлади. Ёки Жюлга пас бериш ёки дриблингни ишга солиш. Ҳимоячилар шу икки танлов орасида иккиланишади ва бу уларга ноқулайлик туғдиради. Бугун тўлиқ фокус уни ёпишга қаратилди. Бундай ҳолатда, яъни футболчи ўз қанотида ёлғизланиб қолганда, уни тўхтатиш жуда мураккаб иш эмас.
“Барса” бу ўйинда у қадар актив ўйнамаганини ҳам сабаби бор. Сабаби, илк ўйинда ҳимояни унутиб қўйиб, ҳужумга отилиш жавоб ўйини олдидан вазиятини ёмонлаштириб юбориши мумкин. “Атлетико”га қарги илк ўйин бунинг яққол мисоли.
Испан нашрлари Флик тактикани ўзгартириши мумкинлиги ҳақида анча аввал ёзганди. Бугун Флик тактикани ўзгартирдими? Қисман. Яъни офсайд тузоғи ишлаяпти, аммо жуда юқори линияда эмас. “Барса” жараённи назорат қилишга уринди. Баҳс сўнггида эса тизгин қўлидан чиқиб кетиб, гол ўтказиб юборди.
Ва 90+5-дақиқада ҳам ваҳимасиз, палапартиш узатмаларсиз хотиржам ҳужумга ўтиб, голини уриб кетди. Истаса қўша оларди. Бироқ Фликнинг “Барса”си мавсум якуни арафасида бироз совуққонроқ бўлишга уриняпти. Яъни ўйинлар фақат тинимсиз ҳужум қилиб, рақибни ҳимояга қамаб ютилмайди + “Барса”га бундай қилиш учун доим ҳам ресурслар етишмаяпти.
Шундай экан, бугун “Барселона”нинг “Ньюкасл”га кучи етмади эмас, шу сценарийни ўзи танлади, десак тўғрироқ бўлади.
Актив футбол кўрсатиб, рақибни ҳимояга қамаб, қарши ҳужумларни ўтказиб юбориб, 0-2 ёки 0-3 ҳисобида ютқазиши ҳам мумкин эди. “Ньюкасл” “Сент-Жеймс Парк”нинг энергияси билан ҳимояни мустаҳкам ушлаб, қарши ҳужумларда “Барса”ни тутиб олиши ҳам мумкин эди, мисол учун.
Карим Худайқулов мақоласи
Фикрлар