Ўзбекистон Осиё ўйинларида еттинчи олтин медални қўлга киритди
Япониянинг Айчи ва Нагоя шаҳарларида ўтаётган 2026 йилги ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси намояндаларидан бири, енгил атлетикачи Суҳроб Хўжаев босқон улоқтириш бўйича мусобақада олтин медални қўлга киритди.
Финал босқичида Хўжаев 74,38 метр натижа қайд этиб, рақибларини кескин ортда қолдирди ва биринчи ўринни қўлга киритди. У энг яқин таъқибчисидан 2,60 метрга узоқроқ натижа кўрсатиб, Осиё чемпиони унвонини учинчи уринишда эгаллашга муваффақ бўлди.
Кумуш медалга япон спортчиси Сёта Фукуда сазовор бўлди — у снарядни 71,78 метргача улоқтирди. Бронза медали эса Саудия Арабистони вакили Муҳаммадд Алдубайсига насиб этди, унинг натижаси 71,53 метрни ташкил этди. Яна бир япон спортчиси Тацуто Накагава 71,48 метр билан пьедесталдан бир қадам орқада қолди.
Қатар спортчиси Ашраф Ас-Сейфи эса 71,41 метр натижа қайд этиб, мавсумдаги энг яхши кўрсаткичини ўрнатди ва бешинчи ўринни эгаллади. Финалда фақатгина Хўжаев 74 метрлик чегарани забт этган ягона спортчи бўлди.
Суҳроб Хўжаев қўлга киритган бу олтин медаль Ўзбекистон терма жамоаси учун Осиё ўйинларидаги еттинчи олтин бўлди. Ҳозирча миллий жамоа ҳисобида жами 31 та медаль бор: етти олтин, 15 кумуш ва тўққизта бронза.

Фикрлар