Ўзбекистон теннисчиси Пекинда анча қийналди
Пекинда (Хитой) ўтаётган WTA 1000 турнирида Ўзбекистон номидан иштирок этаётган Мария Тимофеева мусобақанинг иккинчи босқичида япониялик Наоми Осакага мағлуб бўлди, деб хабар бермоқда Sports.kz.
WTA рейтингида 17-ўринни эгаллаб турган Осака жаҳон таснифида 68-рақам остида қайд этилган Тимофеевани уч сетлик курашда мағлуб этди — 6:3, 3:6, 6:3. Учрашув икки соатдан ортиқ, аниқроғи, икки соат тўрт дақиқа давом этди.
Тимофеева учун бу мусобақа China Openнинг асосий тўридаги илк иштирок бўлди. У биринчи босқичда Чехия вакили Дарья Видмановани 6:3, 6:3 ҳисобида мағлуб этган эди. Пекингача Тимофеева Портда ўтган WTA 125 турнирда ғолиб чиқиб, Хитой пойтахтига кетма-кет бешта ғалаба серияси билан етиб келганди.
Наоми Осака эндиликда учинчи босқичда чех теннисчиси Сара Бейлекка қарши майдонга тушади. Бейлек австралиялик Мэддисон Инглисни 6:3, 7:5 ҳисобида мағлуб этиб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритган.

Фикрлар