ОЧЛ. "Ал-Иттиҳод" - "Навбаҳор": Жамоалар қандай либосда ҳаракат қилиши маълум (фото)
“Ал-Иттиҳод” – “Навбаҳор” учрашуви олдидан расмий йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Хабарингиз бор, эртага ОФК чемпионлар лигаси нимчорак финал жавоб ўйини доирасида наманганликлар Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” (Жидда) клуби меҳмони бўлади.
Бугун мазкур ўйин олдидан учрашувнинг ташкилий масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда бўлажак беллашув масъуллари, ҳар икки иштирокчи жамоалар вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда учрашув комиссари ва ўйин назоратчиси беллашувнинг ташкилий жиҳатлари юзасидан барча зарур маълумотларни тақдим этишди. Шунингдек, эртанги ўйинда жамоалар қандай рангдаги либосларда майдонга чиқиши ҳам аниқлаб олинди. Унга кўра, мезбонлар қора-сариқ, “лочинлар” эса оқ рангли формаларда ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, “Ал-Иттиҳод” – “Навбаҳор” учрашуви 22 февраль куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да Жиддадаги “Қирол Абдулла” спорт мажмуасида бошланади. Бўлажак ўйинда жамоамизга омад ёр бўлишини тилаймиз.
Фикрлар