ОЧЛга қуръа ташлаш тарихда илк бор онлайн тарзда бўлиб ўтади
ОФК Осиё Чемпионлар Лигаси ва ОФК кубогининг 2021 йилги мавсумига қуръа ташлаш маросимини 27 январь куни ўтказади.
Қуръа ОФК қароргоҳи жойлашган Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида бўлиб ўтади. Бутун дунёда ҳали ҳам пандемия давом этаётгани сабабли, бу йилги қуръа ташлаш маросими клуб вакилларисиз ўтиб, жараён «Zoom» видеоплатформаси орқали амалга оширилади ва телеэкранда жонли намойиш этилади.
Биз учун аҳамиятлиси, юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган иккинчи жамоа - АГМК ОЧЛ гуруҳ босқичига саралаш ўйинлари орқали чиқишга ҳаракат қилади.
АГМК ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланма олмаган тақдирда ҳам янги мавсумда халқаро мусобақада иштирок этади. Боиси, ОЧЛ саралаш босқичидан муваффақиятли ўтилмаган тақдирда жамоамиз иштирокни ОФК кубоги гуруҳ босқичида давом эттиради.
Олмалиқликлар ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқадиган бўлса, унда ОФК кубогида Қаршининг «Насаф» жамоаси қатнашади.
АГМК саралаш доирасида дастлаб Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» жамоаси билан сафарда ўйнайди. Агарда ушбу тўсиқдан ўтилса, кейин Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси билан ўйин бўлиб ўтади. Ушбу ўйиндаги ғалаба эса АГМКни ОЧЛ гуруҳ босқичига олиб чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Суперлигасида чемпион бўлган "Пахтакор" янги мавсумда ОЧЛни тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида бошлайди.
Фикрлар