Одил Аҳмедовнинг Хитойга кетиши орқага ташланган қадамми?

2011 йилги Осиё кубогининг илк учрашувида Қатар дарвозасига шедевр гол киритган Одил Аҳмедов учун хориж чемпионатига эшик очилди. Ўшанда ярим ҳимоячи “Анжи” билан шартнома имзолаганида, кўпчилик норози бўлган эди. Аҳмедов Қатар майдонларида фантастик ўйин кўрсатганидан кейин, кўпчилик уни кучлироқ жамоага ўтишини кутаётганди. Бу пайтда эса ҳали “Анжи” эртаги бошланмаган эди. Кейин Махачқалъалаиклар ўз сафларига Роберто Карлос, Юрий Жирков, Виллиан каби кучли футболчиларни қўшиб олгач, Одил адашмганини англашганди. У Россия чемпионатига тезда мослашиб кетди ва илк мавсумдаёқ жамоанинг энг яхши футболчиси бўлди. Энди Одилни Европанинг кучли бешлик чемпионатларига ўтишини кута бошлашди. Унга ҳаттоки “Арсенал” жамоаси қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Футболчини Лондон клубига ўтишини кўпчилик интизорлик билан кутди. Худди терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишини кутганидек. Бироқ бу амалга ошмади. 2 йилдан кейин Сулаймон Керимовнинг “Анжи”си пастга шўнгъий бошлади. Натижада клуб етакчиларини “распродажа”га қўйди. Аҳмедов ўзига “Краснодар”ни танлади. Бу жамоа охирги пайтларда Россияда 3-4-ўринлар курашаётганини инобатга олганда, бу танлов ёмон эмас эди.

Хуллас Одилни Европа кучли чемпионатларидан бирига ўтишини кутаётганлар яна сабр қилишларига тўгъри келди. Футболчи “Краснодар”да ҳам дастлабки мавсумдаёқ йил футболчиси бўлди. Ана энди уни Европага ўтади деб кута бошладик. Лекин Европа қурғурдан дарак бўлмади. 3 йилдан буён Краснодар клубида асосий таркибдан ўрин эгаллаб келаётган Аҳмедов, кутилмаганда Хитойга йўл олиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ҳа, буни деярли ҳеч ким кутмаган эди. Ҳамма Одилни Европа йўл олишини кутаётганида, у Осиёга қайтиши ортга ташланган қадам деб ҳисобловчилар талайгина. Менимчя ҳам бу ортга йўл ҳисобланади. Нима учун? 

Биринчидан, Россия чемпионатида Аҳмедов ҳар ҳафта кучли жамоаларга қарши майдонга тушарди. Клуб билан Европа лигасида ҳам ката тажриба тўплади. Тўғри, Хитойда ҳам кучли легионерлар бор. Бироқ у ерда ҳар жамоада 1-2 та кучли легионер бўлса, Россияда бу рақам 2-3 баробар кўпни ташкил этади. Дейлик ЦСКА, “Зенит”, “Спартак”, “Локомотив”, “Ростов”га қарши ўйнаш билан “Бейжинг Гоан” каби клубларга қарши ўйнашнинг тафовути анча ката.

Иккинчидан, Хитой чемпионатига йўл олган бирор футболчимиз юқори даражага чиқди дейиш қийин. Анзур Исмоилов ва Егор Кримец ўз жамоаларида асосий таркиб ўйинчиси бўлганликлари билан, улар Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишмайди. Тўғри уларнинг савияси пасайиб кетмагандир, бироқ анча ортди дейиш ҳам хато. Игор Сергеев Хитойга мослашолмай, термада “яроқсиз” ҳужумчига айланиб қолганини ҳам эслатиб ўтиш шарт эмас.

Учинидан, биз Одилнинг “Краснодар”и иштирокидаги ўйинларни рус телеканаллари орқали иложи борича кузатиб бориш имкониятига эга эдик. Агар у Хитойга йўл олса, унинг ўйинларини доимий тарзда кузатиб бориш анча қийин. Ҳар ҳолда, уйидаги телевизорида Хитой чемпионатини намойиш этадиган телеканаллар бор инсонлар кўп эмас, балки жудаям камдир.

Фикримча, Аҳмедов Хитой чемпионатига йўл олганидан кўра, Россия чемпионатида қолгани яхши. Бироқ “Краснодар” уни сотиб юборишга қарор қилган бўлса, унда қийин. Ҳар ҳолда Одил Аҳмедовнинг Россиядан Осиё футболига қайтиши термамиз учун ҳам, футболимиз учун ҳам ютуқ эмас!

Фурқат Юсупов