"Одил Жуниор"га болалар саралаб олинаётгани, ота-оналардан пул олинмаслиги, келажакда катта клуб тузилиши ва бошқа мавзуларда Зайниддин Тожиев билан суҳбат

Кеча 14 ёшли болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг транслияциясида ишладик. Фурсатдан фойдаланиб, "Одил Жуниор" жамоаси бош мураббийи Зайниддин Тожиевни суҳбатга тортдик.

- Болалар футболидаги муаммолар ҳақида ҳамма гапиряпти, аммо ҳеч нарса ўзгармаяпти. Бугун "Соғдиона" клубининг ёшлари майдонга тушган эпикировкани кўриб, хафа бўлиб кетдим. Умуман, бу соҳадаги ишлар қандай кетяпти?

- Гапингизда жон бор. Бизда ҳаммаси бошқача. Бу — шахсий лойиҳа. Шу боис ҳеч қандай молиявий муаммолар йўқ. Болаларга керакли барча нарсани Одил (Аҳмедов) етказиб беряпти. Биз мураббийларнинг вазифаси — бу имкониятлардан тўғри фойдаланиш холос. Раҳбаримиз Берунийдаги майдонни тўлиқ янгилаб берди. Ўзимиз танланган йўналишда ҳаракат қиляпмиз. Шу йилдан бошлаб, Аҳмедов клубга катта эътибор қаратмоқда. Тез орада хорижлик мутахассисни ишга жалб этишни режалаштирганмиз. Бизга жисмоний тайёргарликка жавоб берадиган мутахассис зарур. Гап шундаки, 14 ёшдаги болага қандай юкламалар мумкинлиги борасида топ даражадаги мураббий белгилаб бериши, келажакда катта фойда келтиради. Ундан олган кўникмаларимиз орқали футболимиз учун наф чиқариш ниятидамиз.

- "Одил Жуниор" ҳақида сўзладингиз. Айтингчи, бу футболимиз ривожи учун бошланган лойиҳами, ёки бизнес режа?

- Аввалига бу шунчаки Одил томонидан ўзбек футболига кўмаклашиш мақсадида йўлга қўйилган хайрли иш эди. Мана энди, бу жамоага жиддий эътибор қаратила бошланди. Болалар катта бўлиб қолди. Ҳозир бизнинг агентларимиз улар билан ишламоқда. Шунга қарамай, ҳали бирорта футболчини сотиш мақсадида тарбияламаганмиз. Улар улғайсин, яхши футболчи бўлиб етишсин. МТЖ учун наф келтирсин. Асосий мақсадимиз шу. Қолгани — вазиятдан келиб чиқиб қабул қилинадиган қарорлар.

- Зайниддин Тожиевни "Одил Жуниор"га ким таклиф қилди?

- Футболчи бўлиб юрган пайтимда Бахтиёр Ашурматов мураббийлик курсида ўқишни тавсия қилганди. Мен буни рад этгандим. Ўғлим "Локомотив" ёшлари сафида тўп сурар эди. Унинг ўйинларини кўриш мақсадида стадионга бориб турганимни кўрган, Суннатулла Рўзиев, "келинг, "Локомотив"да менга ёрдам берасиз", — деди. Мураббий бўлиш учун Жисмоний тарбия инситутида ўқидим. C ва Б лицензияларга ўқидим. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлгач, "Локомотив" билан ишлай олмадим. Айрим одамлар ўртага суқилгач, кетишга мажбур бўлдим. Кейинчалик ЖФЛда бир муддат ишладим. КЎп ўтмай, менга "Одил Жуниор" жамоасидан таклиф келиб тушди.

- Ҳозир одамлар орасида "Одил Жуниор"да таниш-билиш йўқ, деган атама бор. Бунга қандай изоҳ берасиз?

- Бу ҳақиқат. 2006,2007,2008-йилда туғилган болларни шуғуллантирдим. 5 йил давомида, ҳали бирорта ёш болани кимнингдир "закази" учун жамоага олишганини кўрмадим. Биз шахсий лойиҳа бўлганимиз учун ишлаш принципларимиз ўзгача. Қолган академияларда қандай эканлигини билмайману, лекин бизда доим кучли болалар шуғулланади.

- "Одил Жуниор"да фарзанди шуғулланишини истаган одамлар бир ойда қанча пул тўлаши керак?

- Биз ўз шогирдларимиздан пул олмаймиз. Иқтидори бўлса кифоя. Аввалари, барча болаларни академияга қабул қилар эдик. Ҳозир эса клуб сиёсати ўзгарди. Энди болаларни саралаб оляпмиз. Одил бизга маош тўламоқда. У натижани биздан талаб қилади. Мана, ҳамма шароитлар бор. Ота-оналардан пул талаб қилмаймиз. Асосийси вазифамиз — яхши футболчиларни акдемияга олиб келиш. Кўз тегмасин, ўтган йили барча ёшдаги футболчиларимиз чемпионатда финалга қадар етиб борди. Баъзилари ғолиб бўлган бўлса, бошқалари мағлубиятга учради. Натижа муҳим эмас, аммо қисқа муддатда кучли академияни тузишга эришганимиздан хурсанд бўлдик. Бу биз учун катта ютуқ. "Пахтакор", "Насаф", "Локомотив" сингари грандлар билан тенгма-тенг кураш олиб бордик.

- Бу йигитлар, 3–4 йилдан кейин катта футболчига айланади. Профессионал клуб тузиш режаси борми?

- Бу бизга бериладиган савол эмас. Одил селекционерлар билан ишлаяпти. Лойиҳанинг моддий томонига у жавоб беради. Шу боисдан, сўнгги сўзни айнан Одил айтиши керак. Агар у академияни янада юқори даражага олиб чиқиш ниятида бўлса, биз ишдан қочмаймиз.

Яхёҳўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!