
ЎФА Катанецнинг ёрдамчилари билан боғлиқ масала юзасидан расмий баёнот берди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан ЎФАнинг расмий муносабати
Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2025 йил 17 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ мураббийлар штаби аъзолари бўйича эълон қилинган мақолада келтирилган маълумотлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
"Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи ёрдамчи мураббийларининг меҳнат шартномаларида белгиланган “бош мураббийнинг меҳнат шартномаси бекор бўлганда ёрдамчи мураббийларнинг ҳам шартномаси бир вақтнинг ўзида бекор бўлиши” опцияси ишга тушганлиги боис, улар билан шартномалар бир томонлама автоматик тарзда бекор қилинган ва бу ҳақда уларга маълум қилинган.
Собиқ бош мураббий шартномасининг томонлар розилиги билан бекор қилиниши ва жамоага янги мураббийлар штаби келиши собиқ мураббийлар штаби аъзоларининг шартномалари ҳам бекор бўлишига олиб келган.
Терма жамоа собиқ бош мураббийи ёрдамчи мураббийларининг меҳнат шартномаларига киритилган ушбу бандлар ФИФА ва Спорт арбитраж суди юриспруденциясида нормал амалиёт сифатида қабул қилинади.
Аввалроқ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тегишли бандларга асосан шартномалари бекор қилинган мураббийлар штаби аъзоларига бошқа ёш тоифасидаги терма жамоаларда ишлаш бўйича таклифлар берилган эди",— дейилади баёнотда.
Комментарии