ЎФА мутахассислари Қатарнинг ёш футболчилар билан ишлаш тажрибасини ўрганмоқда

Жумладан, айни кунларда Қатар футбол ассоциацияси таклифига биноан ЎФА мутахассислар гуруҳи ушбу мамлакатда бўлиб турибди. ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ЎФА техник директори Шавкат Имомов, Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ҳамда Ўзбекистон U-14 терма жамоаси бош мураббийи Сервер Жепаров Қатарнинг ёш футболчилар билан ишлаш ва турли ёшдаги терма жамоалар учун футболчилар тарбиялаш бўйича тажрибасини ўрганмоқда.

Биласиз, Қатар мамлакати сўнгги йилларда қитъамизда етакчилардан бирига айлана олди. Ушбу юрт дастлаб “Aspire” академияси тарбияланувчиларидан иборат таркиб билан 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида ғолиб чиқди. Кейинроқ эса Қатар миллий терма жамоаси худди ўша таркиб билан Осиё кубогида зафар қучди. Ушбу муваффақиятларда Доҳада жойлашган “Aspire” академиясининг ўрни беқиёс.

Шу боисдан ЎФА мутахассислари “Aspire” академиясида бўлиб, ушбу футбол даргоҳининг ишлаш тизими, ёш футболчиларни тарбиялашдаги ўзига хос услуби, у ерда ўйинчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва машғулот жараёнлари билан яқиндан танишмоқда. Академия мураббийлари билан машғулотларда қўлланилаётган янги услублар, футболчиларга турли ёшда бериладиган турлича жисмоний юкламалар, ўйин фалсафаси бўйича суҳбатлар олиб борилди. Шунингдек, академияда футболчиларнинг даволаниши ҳамда тикланиши бўйича амалга ошириладиган жараёнлар билан танишилди. Қолаверса, “Aspire” академияси техник директори билан ўзаро фикр алмашилди ва мураббийларнинг малакасини оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама этилди. 

Шу кунларда Қатар клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига ҳам мезбонлик қилмоқда. ЎФА мутахассислари ҚФА таклифига кўра, клублар мундиали учрашувларига ҳам ташриф буюришлари кўзда тутилган.

Манбаа: ЎФА

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Surxon turon
22/12/2019 09:31
Буларди асосий мақсади фудбол томоша қилишга борган