ЎФА Президенти Абдусалом Азизов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Президенти Абдусалом Азизов ЎФА вакиллари, терма жамоалар бош мураббийлари ҳамда соҳа мутахассислари билан учрашди. Унда юртимиз мезбонлигида ўтказилган икки турнир — U-23 Осиё кубоги ва 2023-йилги Осиё кубогининг саралаш босқичи ҳисоботи ва кейинги режалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашув аввалида юртимиз май-июн ойларида Осиёнинг футбол марказига айланганлиги, умумий ҳисобда 2000 га яқин халқаро мутахассислар, спортчи-мураббийлар, экспертлар, скаутлар ҳамда меҳмонлар футбол тадбирларига фаол жалб этилганлиги, бутун Осиёнинг эътибори Тошкент, Наманган ва Қарши шаҳридаги ўйинларга қаратилганлиги таъкидланди.
Дастлаб терма жамоалар бўлими бошлиғи Усмон Тошев терма жамоаларни мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ўтказилган йиғинлар ҳамда кейинги мусобақалар хусусида тўхталиб ўтди. Ассоциация раҳбари ҳам, ўз навбатида, ФИФА кунларида юқори савиядаги жамоалар билан ўртоқлик ўйинларини ўтказиш талабини қўйди.
Мусобақалар ўтказиш бўлими бошлиғи Муҳаммад Содиқ Содиқ-Охунов 1-19-июн кунлари Тошкент ва Қарши шаҳарларида ўтказилган U-23 Осиё кубогига кўрилган тайёргарлик ва унинг таҳлили юзасидан маълумот берди.
Шунингдек, Наманган шаҳрида МТЖ иштирокида ўтказилган саралаш ўйинларининг ҳисоботи тингланди. Ушбу мусобақа орқали вилоятда футбол инфратузилмаси ривожланганлиги, меҳмонхоналар, машғулот майдонлари ҳамда стадион ёриткичлари ОФК стандартларига мослаштирилганлиги айтиб ўтилди.
Тақдимот давомида мазкур турнирлар туфайли ЎФА ташкилий қўмита вакиллари халқаро мусобақаларда ишлаш кўникмасини оширганлиги, йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарилиб, кейинги турнирларни янада юқори савияда ўтказиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Шундан кейин ЎФА раҳбари сўз олиб, ушбу икки нуфузли турнирларни ташкил этиш ва ўтказишдаги саъи-ҳаракатлари учун ташкилий қўмита аъзолари ҳамда ассоциация мутахассисларини эътироф этди. Мусобақалар мухлисларни майдонга қайтаргани, жамоалар эса яхши ўйин кўрсатганини айтиб, кейинги турнирларда бундан-да юқори натижалар қайд этилишига умид билдирди.
Бундан ташқари, мусобақаларни ўтказишда кўрсатган ёрдамлари учун Қашқадарё ва Намангандаги масъуллар ҳамда барча стадионлар раҳбарларига миннатдорчилик билдирди. Олдиндаги масъулиятли турнирларга янада яхши тайёргарлик кўриш, мусобақалар географиясини кенгайтириб бориш юзасидан топшириқлар берди.
Абдусалом Абдумавлонович ўз сўзида олдимиздаги турнирлар, хусусан, U-17 ва U-20 терма жамоаларимиз иштирокидаги чемпионатларга тизимли тайёргарлик кўриш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанес, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ҳамда аёллар терма жамоамиз бош мураббийи Мидори Хонда ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Абдусалом Абдумавлонович аёллар терма жамоасига ҳам худди U-23 терма жамоаси каби Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлланмаси устувор вазифа эканлигини эслатиб ўтди.
Фикрлар