ЎФА президенти Абдусалом Азизов Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан учрашди

Хабарингиз бор, эртага юртимиз майдонларида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги баҳслари старт олади. Мезбон Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси эса гуруҳ босқичида Туркманистон, Қатар ва Эрон вакилларига қарши баҳс олиб боради.

Бугун ЎФА Президенти Абдусалом Азизов Туркманистон билан бўлиб ўтадиган илк ўйин олдидан Ўзбекистон У-23 терма жамоаси аъзолари билан учрашди. Дастлаб, футболимиз раҳбари ёшлар жамоамиз олдида турган ушбу мусобақанинг масъулияти ҳақида фикр билдирди.

Энг аввало, терма жамоада ўйнаш ҳар бир футболчи учун фахр эканлиги, жамоа бирдам бўлиб, Ватан шарафи учун курашиши ва юрт обрўсини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, жамоанинг олдида турган асосий мақсадлардан бири — Париж Олимпиадасига пухта ва тизимли тайёргарлик кўриш, ҳар бир футболчи профессионализм, интилиш ва меҳнацеварликни ўзида мужассам қилиб бориши кераклиги айтилди. Ижобий натижага эришиш учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар тақдим этилиши маълум қилинди.

Ўз ўрнида жамоамизнинг бир қатор етакчи футболчилари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди. Шундан кейин Абдусалом Азизов мураббийлар штаби билан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва тайёргарлик жараёни ҳақида суҳбатлашди. Тиббий штаб томонидан футболчиларнинг соғлиги, тикланиши ва витаминизациялаш жараёни борасида маълумотлар эшиттирилди. ЎФА Президенти футболчиларга энг замонавий, юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини давом эттиришга кўрсатма берди.

Учрашув якунида Абдусалом Абдумавлонович масъулиятли турнир олдидан жамоамизга яна бир бор омад тилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!