ЎФА президенти Катанец бошчилигидаги МТЖ футболчилари билан учрашди
8-14 июнь кунлари Наманган шаҳрида 2023 йили бўлиб ўтадиган Осиё кубогининг саралаш босқич беллашувлари ўтказилади. Бугун Тошкентдаги йиғин якунида Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов миллий терма жамоа аъзолари билан учрашди.
Расмий ўйинлар олдидан Абдусалом Абдумавлонович миллий жамоа олдида турган кейинги мусобақалар масъулияти, мухлисларни чиройли ғалабалар билан хурсанд қилиш муҳимлигини айтиб ўтди. Сречко Катанец жамоани расмий ўйинларга етарлича тайёрлаб, энди натижа қайд этиш вақти келгани таъкидланди.
Футболимиз раҳбари шунингдек, футболчи ва мураббийлар билан ўтган суҳбатда ижобий натижаларга эришиш учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар тақдим этилиши маълум қилинди. Ўз ўрнида жамоамизнинг бир қатор етакчи футболчилари ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Сречко Катанец шу вақт ичида терма жамоамиз билан яхши тайёргарлик ўтагани ва рақибларга қарши максимал эътибор билан ўйнаб натижага эришиш мумкинлигини айтиб ўтди. Қисқа муддат ичида учта ўйинда иштирок этадиган футболчиларнинг жисмоний ҳолатини юқори даражада ушлаш учун тиббий штабга ҳам керакли кўрсатмалар берилди.
ЎФА матбуот хизмати
Фикрлар