ЎФА раҳбарияти Жаҳон чемпионати иштирокчисига қарши ўйинга тайёрланаётган ёшлар жамоамиз билан учрашди

2023 йилнинг март ойида Ўзбекистон яшил майдонларида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги финал босқичи учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Осиёнинг 16 та жамоаси қитъа биринчилиги ва Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Ўзбекистон U20 терма жамоаси ҳам мезбон сифатида мазкур мусобақага тайёргарликни бошлаб юборган. Жамоамиз, режага мувофиқ, мусобақага қадар бир нечта йиғинлар ўтказиши, халқаро ўртоқлик учрашувларида иштирок этиши режалаштирилган.

Хусусан, айни кунларда вакилларимиз Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда. Йиғин доирасида Равшан Ҳайдаров шогирдлари Жаҳон чемпионати иштирокчиси — Словакия ёшлар терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувларида иштирок этади.

ЎФА раҳбарияти Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан учрашди. Суҳбат аввалида олдимиздаги нуфузли мусобақага жиддий тайёргарлик кўриш кераклиги айтилди. Юртимизда ўтадиган мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш асосий мақсадлардан бири эканлиги таъкидланди. Ижобий натижаларга эришиш учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар тақдим этиб берилиши маълум қилинди. Режа асосида олиб бориладиган йиғинларда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини юқори даражада ушлаш ва уларнинг тикланиш жараёнлари назорат қилиш юзасидан керакли кўрсатмалар берилди.

photo_2022-09-22_16-02-32

Ўз ўрнида, бош мураббийи Равшан Ҳайдаров томонидан жамоанинг айни пайтдаги ҳолати ва кейинги режалар тақдим этилди. Жамоа сардори Умарали Раҳмоналиев Осиё кубогида муносиб иштирок этиб, Жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида барча имкониятлардан максимал фойдаланишга ҳаракат қилишларини айтиб ўтди.

ЎФА матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!