ЎФА Япония футбол ассоциацияси билан музокара ўтказди. Юртимизга хориждан мураббий келадиган бўлди
ЎФA ва Япония футбол ассоциацияси ўртасида видеоконференсия орқали музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди. Ушбу музокараларнинг мақсад ва вазифаси — Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Япония ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш, икки мамлакат футболини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, Ўзбекистонга Япониядан мураббий ва мутахассисларни жалб этишдан иборат бўлди.
ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийлиги ва ҳудудий академияларнинг техник директорлиги лавозими учун Япониянинг катта тажрибага эга мутахассислар хизматларидан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди.
- Сўнги йилларда юртимизда спортга, хусусан, аёллар футболига эътибор ҳар галгидан ортган. Шу йўлда ўз олдимизга бир қатор мақсадлар қўйганмиз. Aёллар футболи борасида катта тажрибага эга Япония билан ҳамкорлик қилиш мақсадларимизга эришишда катта ёрдам беради, деб ўйлайман, - деди Равшан Эрматов.
Дастлабки келишувга кўра, аёллар терма жамоамизга номзод бош мураббий ва унинг ёрдамчиси келаси йилнинг январ ойида юртимизга келиши кутилмоқда. Уларнинг вазифалари қаторига аёллар футболини ривожлантириш тизимини йўлга қўйиш ва машғулотларни илмий-таҳлилий ёндашув дастурлари асосида ташкил этиш кабилар киради.
Музокаралар чоғида шартноманинг шартлари ва япон мутахассисларининг мамлакатимиздаги вазифалари муҳокама қилинди. Ҳар икки томон ҳам узоқ муддатли самарали ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Фикрлар