ОФК Кубоги. Рўзиқул Бердиев "Олтин Аср"га қарши баҳс олдидан нималар деди?

Хабарингиз бор, эртага "Насаф" жамоаси ОФК Кубоги 3-тури доирасида Туркманистоннинг “Олтин Аср” жамоаси билан куч синашади. Бугун ушбу беллашув олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди.

"Эртага биз учун ҳам, рақиб учун ҳам муҳим ва ҳал қилувчи баҳс. "Олтин Aср" жиддий ва тажрибали жамоа, қийин ўйинга тайёргарлик кўряпмиз. Ҳал қилувчи баҳсга барча футболчиларимиз тайёр. Эртага мухлисларимизни хурсанд қиладиган натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.

Йигитлар билан гаплашиб олдик. Ҳеч ким дуранг ҳақида ўйлаётгани йўқ, фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Футболчиларимиз буни тушуниб турибди. "Олтин Aср" жамоасини яхши ўрганиб чиқдик ва таркибида Туркманистон терма жамоасининг кўплаб ўйинчилари борлигини кўрдик, тажрибали жамоа. Шу боис, бўшашмаймиз ва ғалабани кўзлаб ўйнаймиз.

Ҳақиқатдан ҳам бўлажак рақибимиз яккакурашларда анча яхши ўйнайди. Лекин футболда бу муҳим аҳамият касб этмайди, эртага рақибдан тезроқ ва чаққонроқ бўлишимиз керак. "Олтин Aср"нинг кучли ва кучсиз томонларига эътибор қаратдик. Ўйлайманки, эртага йигитларимиз вазифани уддалашади.

"Хўжанд" билан ўйинга жиддий тайёрландик ва биринчи таймда бор кучимиз билан ўйнадик. Танаффус вақтида йигитларга кейинги ўйинга ҳам кучингизни асрашни, лекин ҳали олдинда 45 дақиқа борлигини ва бўшашмасликни сўрадим. Исталган жамоа 3:0 ҳисобидан кейин бироз эҳтиёткор ўйнайди. Тўғри иккинчи таймда ҳужумда бор кучимиз билан ўйнамадик ва кейинги баҳс ҳақида ўйлай бошладик. Ўзгаришлар қилдик ва ёшларни майдонга туширдик.

"Олой" билан баҳснинг иккинчи тайми нисбатан осонроқ кечди. Сабаби, биринчи таймнинг ўзида кўп вазиятлар яратдик ва иккинчи таймда 4 та гол урдик. "Хўжанд" эса ўз майдонида ўйнади ва "Олой"дан бироз кучли эканлиги кўриниб турди. “Хўжанд” ўз чемпионатининг лидерларидан бири ҳисобланади.

Бу таркиб билан "Насаф" ОФК кубоги финалига етиб бора оладими? Худо хоҳласа гуруҳдан чиқсак таркибимизни бироз кучайтиришимиз керак. Миллий чемпионатимиз ва кубокда ҳам юқори мақсадларни қўйганмиз. Юқори мақсадлар учун фақат битта таркиб билан ҳаракат қилиш қийин бўлади. ОФК кубогида ҳам узоққа боришни хоҳлаймиз. Бунинг учун ёзда таркибимизни кучайтиришимиз керак. Бу борада раҳбарият билан гаплашиб олганмиз.

"Олтин Aср"нинг кучли томонларин? Кучли томони - рақибнинг тажрибали футболчилари кўплиги. Таркибда Туркманистон миллий терма жамоаси аъзолари бор", - деди Рўзиқул Бердиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!