"Офсайд борлигини текширишни талаб қилдик, дуранг бўлиб қолса биз учун мағлубиятга тенг бўларди". "Металлург" устози нега тезкорлик билан легионер олишга мажбур бўлганини айтди
Бекободнинг “Металлург” клуби Тошкент вилояти дербиси номи остида ўтган АГМКга қарши баҳсда жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Демир Темировнинг ягона голи учрашув тақдирини ҳал қилиб қўйди.
Бекободлик футболчилар бош мураббийнинг кўрсатмаси ва тактикаси асосида ўйин намойиш қилишди ва бу ҳам якунда ғалабани таъминлашда муҳим роль ўйнади.
Учрашувдан сўнг, Sports.uz мухбири “Металлург” бош мураббийи Луисма Эрнандес билан боғланди.
- Аввало, муҳим ғалаба билан табриклайман. Жамоангиз иккинчи даврани ажойиб муваффақият билан бошлай олди. Бу ўйинга қанчалик тайёргарлик кўрилганди ва футболчиларингиз кўрсатмаларингизни қай тарзда бажара олишди?
- Албатта, бу ўйинга жуда жиддий тайёргарлик кўргандик. Нега деганда, Тошкент вилояти дербиси бўлгани учун ҳам масъулиятли учрашувлардан бири эди. Рақибга келсак, АГМКнинг охирги ўйинларини ҳамда қандай ҳаракат қилишини ҳисобга олиб, пухта ҳозирлик кўрдик. Умуман олганда, учрашувдан кўнглим тўқ. Ўйиндаги вазиятларга келадиган бўлсак, асосан ҳимояга урғу бериб, қарши ҳужум ҳамда стандарт имкониятлардан фойдаланишни олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Ўйлайманки, бундан жуда ҳам унумли фойдаландик. Яна шуни айтмоқчиманки, бугунги ўйинга VAR ташкиллаштирилганидан мамнунман ва каттакон раҳмат айтиб қоламан.
- Дарҳақиқат, VAR тизими жамоангизга асқотди. АГМК гол ургач, ушбу ҳолат VAR орқали кўриб чиқилаётганда сизда хавотир кучлимиди?
- Табиийки, жуда хавотирга тушдим. Захира ўриндиғида ўтирганимда ёнимдагилар менга офсайд бўлганини айтишди. Натижада офсайд борлигини ва буни VAR орқали текширишни ҳакамлардан талаб қилдик. Учрашув мобайнида қаттиқ меҳнат қилиб, якунда дурангга эришиш биз учун мағлубиятга тенг бўлиб қоларди. VAR борлигидан мамнунман. Фикримча, ҳар бир учрашувларга VARни қўйиш керак.
- Ўйиндаги ҳал қилувчи ягона гол Дамир Темиров томонидан киритилди ва у бурчакдан тўғри дарвозага ажойиб гол ура олди. Бу машуғлотлардаги меҳнатнинг самарасими ёки барчаси таваккал юз бердими?
- Йўқ, бу нарсани таваккал бўлган ҳолат деб ҳисобламайман. Айнан ушбу услубдаги стандартлардан фойдаланиш бўйича куни кеча ҳам машғулотлар жараёнларида синаб кўргандик. Ўйлайманки, ўйланган нарса жуда ажойиб ва чиройли гол кўринишида ўхшади.
- Биринчи бўлимда АГМК футболчиси майдондан четлатилди. Ушбу четлатилиш жамоангизнинг ғалабасида муҳим факторлардан бири бўлдими?
- Албатта, рақибнинг бир футболчи кам бўлиб ўйнаши бизнинг ғалабамизга катта ёрдам берди, десам хато қилмаган бўламан. Лекин бу футбол. Унда ҳар бир вазиятни йўқотмаган ҳолда яхши ўйин кўрсатдик ва чиройли ғалаба қозондик.
- Энг қизиғи, чемпионатнинг биринчи турида ҳам АГМКни 1:0 ҳисобида ютгансизлар ва ўшанда ҳам биринчи бўлимда рақиб ўйинчиси майдондан четлатилганди. Сиз учун ушбу учрашув билан бугунги баҳсни қандай фарқи кўзга ташланди?
- Умуман олганда, ҳар иккала учрашувни бир хил кўрсаткичда ўтди, десам хато қилмаган бўламан. Албатта, бир киши бўлиб 1:0 ҳисобида ютқазаётган жамоа ҳар доим ҳисобни тенглаштириш ва яна бир гол фарқи билан ютишга ҳаракат қилади. Бу нарса бугун АГМКнинг мисолида жуда чиройли кўринди. Лекин биз ҳам тартибли ўйинимиз орқали бугунги ғалабани ушлаб қолдик. АГМКдек кучли жамоани ютиш – бу биз учун чинакам муваффақият.
- “Металлург”нинг ёзги йиғинидан ва селекциядан қанчалик қониқдингиз?
- Умуман олганда, ниҳоятда мамнунман ва кўнглим тўқ. Ёзги йиғин пайтида анча ўзгаришларга қўл урдик. Таркибга ёш ҳамда шиддатли ўйинчиларни қидирдик. Яна бир гапни айтиб ўтишим керакки, трансфер ойнасининг охирида Аббос Отахонов ўртоқлик учрашувида жароҳат олди. Шу сабабли ўрнига тезкорлик билан легионер олишга мажбур бўлдик. Аммо кундан-кунга, машғулотлар жараёнида ўйинчиларнинг масъулиятли бўлиб бораётганидан хурсандман.
- Навбатдаги турда “Металлург”ни “Насаф”га қарши ўйин кутяпти. Энди бу учрашувга тайёргарлик қандай бўлади? Ёдимизда, биринчи даврада “Насаф” майдонида дуранг ўйнаб қайтгансизлар.
- Биринчи навбатда бугунги ғалабадан роҳатланган ҳолда дам олмоқчимиз. Эртага тикланиш машқларимиз бор. Кейин машғулотларни бошлаймиз. “Насаф” билан ўйингача бир ҳафта вақтимиз бор. Албатта, ўз уйимиздаги учрашув бўлгани сабабли ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз ва иложи борича ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар