Оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионати якунланди
Мусобақанинг сўнги кун дастурида эркаклар ўртасида оғир вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқлаб олинди. Кутилганидек, кўплаб нуфузли мусобақалар ғолиби ва совриндори бўлган Акбар Жўраев, Рустам Жангабаев каби полвонларимиз ўз вазнларида тенгсиз эканликларини исботлашди. Ғолиб бўлган спортчиларимиз ва уларнинг қайд этган натижалари билан танишинг:
-81 кг:
1. Сарварбек Зафаржонов (Тошкент вилояти) – 340 кг (151 кг +189 кг)
-89 кг:
1. Зайнобиддин Муҳаммадаминов (Наманган) – 338 кг (156 кг + 182 кг)
-96 кг:
1. Суннат Ўсаров (Тошкент вилояти) – 367 кг (170 кг + 197 кг)
-102 кг:
1. Умар Шоҳназаров (Сурхондарё вилояти) – 326 кг (146 кг + 180 кг)
-109 кг:
1. Акбар Жўраев (Тошкент вилояти) – 398 кг (181 кг + 217 кг)
+109 кг:
1. Рустам Жангабаев (Қорақалпоғистон) – 440 кг (200 кг + 240 кг)
Мусобақа якунида барча вазн тоифаларида совриндор бўлган спортчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлган спортчилар терма жамоанинг асосий таркибидан жой олишди. Айнан улар йил давомида бўлиб ўтадиган Осиё ва жаҳон чемпионати каби йирик мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Оғир атлетикачиларимиз жаҳон ареналарида катта ютуқларга эришиб келишган. Буни сўнгги йилларда қайд этилаётган натижалардан ҳам билиб олиш мумкин. Ҳар доим ўз мусобақаларини юқори савияда ташкил қилиб келадиган Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бу йил янги вазн тоифаларида ўтган беллашувларни ҳам аввалгиларидан-да яхши ташкиллаштирилди. Умид қиламизки, бўлажак мусобақаларда терма жамоамиз вакиллари ўзларига билдирилган ишончни оқлаб қайтишади.
Фикрлар