Оғир атлетикачиларимиз ўқув-йиғин машғулотини Украинада давом эттиришмоқда

Оғир атлетикачи ўсмирларимиз Лас-Вегасда ҳар тонг турли медаллар билан бизни хушнуд қилиб келаётган айни дамда ўқув-машғулот йиғинида юрган асосий терма жамоамиз вакиллари Болгариядан сўнг яна Украинага қайтишди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур йиғин январь ойида ушбу мамлакатда бошланиб, 1 ойдан сўнг атлетларимиз Болгарияга йўл олишган эди. Хориждаги сўнгги йиғинни ўташ учун делегациямиз яна Украинага қайтиб келишди.

Тайёгарлик бўйича барча ишлар режага мувофиқ амалга оширилмоқда. Спортчиларимиз жисмоний жиҳатдан оптимал ҳолатга келиб бўлди, дея оламиз. Апрель ойида Хитойда бўладиган Осиё чемпионати Токио Олимпиадасига рейтинг очколарини берувчи олдиндаги энг йирик мусобақалардандир. Шу боис вакилларимиз қитъа чемпионатига максимал даражада тайёрланишмоқда.

Полвонларимиз 29 март куни пойтахтимизга қайтиб келишади ва 20 кун давомида Чирчиқдаги базада Осиё чемпионатига сўнгги тайёгарлик машқларини олиб боришади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғинда 7 спортчи ва 4 нафар малакали мураббий иштирок этмоқда. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!