Ройстон Дренте – бу футболчи кўпчиликка яхши таниш. Айниқса, Европа футболига қизиқадиганлар у ҳақида етарлича маълумотга эгалар.

Нидерландиялик ярим ҳимоячини фаолиятининг энг юқори чўққиси сифатида Мадриднинг “Реал” клубида тўп сурганини айтиш мумкин. 2007-2012 йиллар орағилида у “Қироллик клуби” шарафини ҳимоя қилган.

Кейинчалик Дренте Англия, Россия, Туркия, БАА, Нидерландия каби чемпионатларда тўп сурди. Бугунги кунда 34 ёшли футболчи Испанияда “Расинг Мурсия” жамоаси шарафини ҳимоя қиляпти.

Яқинда sports.uz мухбири Ройстон Дренте билан алоқа ўрнатди. Ўз ўрнида тажрибали ўйинчи саволлар учун жавоб беришга бироз вақт ажратди.

- Ройстон, суҳбатлашиш борасидаги таклифимизга розилик билдирганингиз учун раҳмат. Сизга Ўзбекистон томонлардан алоқага чиқишларини кутмаган бўлсангиз керак?!

- Йўқ. Менга бундай чорлов билан биринчи марта сиз таклиф қиляпсиз. Ўзбекистондан менга алоқага чиққан дастлабки журналистсиз.

дренте

- Аввало, Дренте деганда кўз ўнгимизга “Реал”даги фаолиятингиз келади. Бизда мухлислар ҳам сизни “Реал” клубида тўп сурганингиз орқали яхши билишади. Бу сизнинг ташриф қоғозингизга айланиб қолганми?

- Мен шунақа, деб ўйлайман. “Реал” Мадрид ҳаётимнинг ажралмас бир қисми. У ерда мен жуда кўп нарсаларни ўрганганман.

- Адашмасам, 2007 йили “Фейеноорд”дан “Реал”га ўтгансиз. Ўшанда сизга “Барселона” билан “Челси” ҳам қизиқиш билдирганди. “Реал”ни танлашингизга нима сабаб бўлган?

- Сабаби, “Реал” Мадрид доим менинг орзум бўлиб келган. Шу боисдан ўша пайтда менинг орзуларим рўёбга чиқаётган эди.

дренте5

- Сиз ўйнаган пайтларда “эл-классико”нинг “ҳарорати” жуда баланд бўларди. Бу борада сизда қандай таассуротлар қолган?

- Бундай ўйинлардан катта таассурот олганман. Бундай юқори даражадаги учрашувлар ҳақида кам футболчиларгина ҳиссиётларга берилиб гапириб беришлари мумкин. Мен эса мана шундай катта даражадаги ўйинларда ўйнаган камдан-кам футболчилардан бириман.

- “Реал”дан кетгач, фаолиятингизни катта клубларда давом эттирмадингиз, асосан ўрта даражадаги клубларда ўйнадингиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Бу – ҳаёт! Мен бу нарсадан ҳеч қачон хафа бўлмайман. Айтишим мумкинки, ҳаммаси жойида.

дренте1

- Бунгача Ўзбекистон ҳақида нималарни эшитгансиз?

- Ҳа, Моррис (“Расинг Мурсия” президенти) менга Ўзбекистон ҳақида баъзи-бир маълумотларни айтиб берганди.

- Умуман айтганда, ўзбек футболи тўғрисида қандай маълумотга эгасиз ва қайси футболчиларимизни биласиз?

- Йўқ, тўғрисини айтсам, кўп нарса билмайман. Бунинг учун мен ўзбек футболи ҳақида кўпроқ маълумотларни билиб олишим учун юртингизга боришим керак. Шу боисдан ҳозирги пайтда футболчиларингиздан ҳеч кимни билмайман ва танимайман.

- Тасаввур қилинг, сизга Ўзбекистондан таклиф тушди. Бунга қандай қарайсиз?

- Бир нарса дейишим қийин. Билмадим. Қачондир таклиф бўлиб қолса, бу ҳақида фикр билдиришим мумкин. Ҳозирча эса саволингизга қандайдир муносабат билдиришим қийин.

дренте2

- “Реал”даги собиқ жамоадошларингиздан кимлар билан яқин алоқани сақлаб қолгансиз?

- Ҳеч ким билан!

- “Реал” президенти Европа Суперлигасига асос солишга ҳаракат қилди. Унинг бу ғоясини қўллаб-қувватлайсизми ёки бу ўзини оқламайдими?

- Қаршиман! Мен бу фикрга қўшилмайман.

- Ройстон, сизни Ўзбекистонга ҳеч бўлмаганда саёҳат учун таклиф қилиб қоламиз...

- Қойил, ростданми?

дренте33

- Бизда қадимий ҳамда тарихий қадамжолар кўп, масалан, Самарқанд билан Бухоро...

- Ҳеч қачон Бухоро ва Самарқанд ҳақида эшитмаган эканман. Бу шаҳарларми?

- Ҳа.

- Жуда яхши. Ўзбекистонга бир куни оилам билан биргаликда бораман. Самарқанд ва Бухорони кун келиб кўришни хоҳлайман.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)