Олег Тюлькин: “Локомотив” савия жиҳатдан биздан устун

«Динамо» - «Локомотив» учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Олег Тюлькин иштирок этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

- Афсуски, муҳим ўйинда йирик мағлубиятга учрадик. Бунинг учун мухлислардан узр сўраймиз. Бугун икки томон учун ҳам очколар жуда зарур эди. Рақибимиз савия жиҳатдан биздан бир бош устун эканлиги гувоҳи бўлдик. Ўйин давомида ҳисоб 1:3га айланганидан кейин йигитларнинг руҳий ҳолати тушиб кетди. Таркибда ўзгаришлар қилиб, вазиятни ўнглашга интилдик, аммо вазиятлар яратиб, улардан фойдаланишда оқсадик.

Савия жиҳатдан рақибларимиз кучли таркибга эга. Айтайлик, ўйин бошида Абдумалик Абдуллаев яккама-якка вазиятда Нестеров дарвозасини ишғол эта олганида ўйин умуман бошқача кечарди. Кўп ўтмай, худди шундай вазият Марат Бикмаевда бўлди, у эса дарҳол битта зарба билан вазиятни голга айлантирди. Бу футболчининг савиясидан дарак. Аднан Ораховац гол урганидан кейин курашга қўшилдик, аммо рақибнинг учинчи голи яна ўйинни қийинлаштирди. Уларни чемпионлик билан табрикламан.

Жароҳати боис ҳимоячимиз Раду Рогакнинг бизга ёрдам бера олмагани ҳам майдонда билинди. Дарвозабонимиз Темур Жўраев ҳам бугун таркибда йўқ. Сўнгги ўйинда ҳам «Машъал»га қарши баҳс осон кечмайди.

ПФЛнинг қароридан кейин карахт аҳволга тушгандик. 12-ўрин билан лигада қолмаслик жуда аламли бўлади. Шу боис, клуб ПФЛ талабларини бажаришга киришган. Ҳар ҳолда ҳар қандай ўринда бўлмайлик, стадионимиз мухлислар билан гавжум бўлади. Сабаби Самарқандда футболни севишади. Самарқандлик минглаб мухлислар олий лигага муносиблар. Ҳар ҳолда футбол энг аввало мухлислар учун эканлигини унутмайлик, - дейди самарқандликлар устози.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!