Ольга Забелинская бугун яна бир лицензия қўлга киритиши мумкин
Буюк Британиянинг Йоркшир шаҳри 22-29 сентябрь кунлари велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Ушбу нуфузли мусобақада терма жамоамиз вакиллари Мурот Холмуродов ва Ольга Забелинская ҳам Токио Олимпиадасига тўғридан тўғри йўлланма берувчи поғоналар учун кураш олиб борадилар.
Бугун биринчилардан бўлиб Токио Олимпиадасига лицензия олган вакилимиз Ольга Забелинская “Indivudual Time Trial” йўналишида ҳам Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилиб кўради. Бу йўналишда иштирокчиларнинг старти ва қайд этаётган натижалари алоҳида ҳисоблаб борилади. 30,3 километр масофага кечадиган баҳсда кучли ўнталикка кира олган спортчилар ушбу йўналиш бўйича келаси йил Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада йўлланмасига эга чиқишади.
Шунингдек, Забелинскаянинг ўзи 28 сентябрь, Холмуродов 29 сентябрь куни шосседа узоқ масофага кечадиган яккалик пойгасида ҳам жаҳон чемпионлиги учун стартга чиқади, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси.
Фикрлар