Олимпиада бошланмоқда: Ўзбекистон юлдузларга тўла Испанияни тўхтата оладими?
Франция пойтахти Париж шаҳри мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинлари бошланишига тобора кам вақт қолмоқда. Кўпчиликнинг эътиборини Олимпиада дастуридан ўрин олган футбол мусобақаси жалб қилиши шубҳасиз.
Олимпиадада асосан 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этади. Одатда, Олимпия ўйинларида ўзини кўрсатган истеъдод эгаларидан кейинчалик жаҳон миқёсидаги юлдуз ўйинчилар етишиб чиқиши ҳам айни ҳақиқат. Хусусан, “Олтин тўп”ни саккиз бор қўлга киритган Лионель Месси ҳам халқаро майдондаги илк совринига Аргентина олимпия терма жамоаси сафида 2008 йилги Пекин Олимпиадасида эга чиққани бунга яққол мисол бўла олади.
Париж Олимпиадасининг футбол мусобақалари 24 июль куни старт олади. Футбол экспертлари ҳозирдан терма жамоаларнинг имкониятларини таҳлил қила бошлади.
Гуруҳ баҳсларининг энг қизиқарли учрашувларидан бири Ўзбекистон ва Испания терма жамоалари ўртасида кечиши кутилмоқда.
Бу баҳсга Франциянинг машҳур Парк де Пренс стадиони мезбон қилади. ПСЖ клуби уй учрашувларини ўтказадиган бу арена 1897 йилда қурилган ва ўз бағрига 47 минг 930 нафар мухлисни сиғдира олади.
Ўзбекистон – Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан. Тимур Кападзе шогирдларининг мамлакат футболи тарихида илк бор Олимпия ўйинларига йўлланма олганининг ўзи катта воқеа.
Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг энг ёрқин юлдузи Аббосбек Файзуллаев ҳисобланади. ЦСКА ҳужумкор футболчиси мамлакатнинг бош жамоасида ҳам асосий фигуралардан саналади ва олимпиячилар орасида бўлиши табиий ҳол.
Ёшларга ёрдам бериши керак бўлган уч нафар тажрибали ўйинчилар ҳам ўзига яраша номдор чарм тўп усталаридир. Париждаги жамоанинг асосий юлдузи “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродов бўлади. Унинг ёнида “Персеполис”ни Эрон чемпиони бўлишига катта ҳисса қўшган Остон Ўрунов ва “Ризеспор”нинг моҳир ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов ёшларга ҳар томонлама ўрнак бўлиши кутилмоқда.
Испания – истеъдодли футболчиларга тўла мамлакат. Испанлар буни Германиядаги Европа чемпионатида ҳам исботлади. Қитъа чемпионатида ғолиб чиққан Ламин Ямал, Нико Уильямс ва яна бир неча футболчиларнинг ёши Олимпия ўйинларида қатнашиш имконини берарди.
Бироқ Испанияда уларни безовта қилмасликка қарор қилишди. Чунки уларсиз ҳам таркибда ўта кучли футболчилар жамланган.
Аввалги Олимпиадада Испания олимпиячиларини финалга олиб чиққан бош мураббий Луис де ла Фуэнте бу гал миллий терма жамоани қитъа чемпионига айлантирди.
Бу гал олимпиячиларга Санти Дения устозлик қилмоқда. У таркибга Фермин Лопес, Алекс Баэна ҳамда Пау Кубарси каби машҳур ўйинчиларни жалб қилди. Фермин Лопес ва Алекс Баэна “Евро-2024” турнирида ҳам қатнашди. Бироқ улар Германияда асосий ролда бўлмагани боис, Олимпиада жалб қилинди.
Экспертлар испанлар таркибидаги 18 ёшли ҳужумчи Само Омородионга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидламоқда.
Хуллас, “С” гуруҳининг биринчи туридаёқ истеъдодларга бой бўлган икки терма жамоа ўзаро тўқнаш келади. Кўрамиз, йигитларимиз тобора тез ривожланиб бораётган испан футболи вакилларини тўхтата олармикин?
Фикрлар