Шомуродовга барбод бўлган трансфердан бошқа таклиф йўқ. Лекин “Рома”нинг янги режаси бор!
Ёзги трансферлар давомида Элдор Шомуродов масаласи ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг диққат марказида турган мавзулардан бўлиб қолаверади.
29 ёшли футболчимиз янги чемпионатни қаерда бошлаши ҳамон мавҳум бўлиб турибди. Ҳуқуқий жиҳатдан легионеримиз яна “Рома” футболчисига айланди. Бироқ Шомуродов “Кальяри”дан қайтганидан кейин ҳали римликлар бош мураббийи Даниэле Де Росси ихтиёрига етиб боргани йўқ. Ҳужумчи Париж Олимпиадасида қатнашадиган таркиб билан нуфузли мусобақага тайёргарлик кўрмоқда.
Италия матбуоти Элдор Шомуродовнинг келажаги бўйича сўнгги ахборотларни эълон қилди.
Sports.uz портали ўзбекистон футбол ишқибозлари эътиборига хориж нашрларининг маълумотларини ҳавола этади.
IL ROMANISTA газетаси:
Ўзбек ҳужумчиси “Кальяри”даги саргузаштларидан кейин Тригорияда кўриниш бергани йўқ. Яқн ўртада машғулотлар базасига келмаса ҳам керак. Чунки Шомуродов Ўзбекистон терма жамоаси билан Парижда бўладиган ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакати олдидаги бурчи уни 9 августгача терма жамоа ихтиёрида олиб қолиши мумкин.
Олимпиада тугаши билан Элдор клубдаги келажагини ҳал қилиши талаб этилади. 29 ёшли футболчининг “Рома” билан яна икки йиллик шартомаси қолган.
“Рома” бир ой олдин “Кальяри”нинг Шомуродов трансфери бадалини 9 миллион евродан тушириш бўйича сўровини рад этганидан бери ҳужумчи масаласида ҳали бирорта расмий таклиф олгани йўқ.
CORRIERE DELLO SPORT газетаси:
“Рома” раҳбарияти эндиликда “Кальяри”нинг собиқ ўйинчисига айланган Элдор Шомуродовга янги жамоа қидирмоқда.
Ҳужумчи Ўзбекистон терма жамоаси сафида ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиши муносабати билан яқин ўртада Римга қайтмаслиги аниқ. Балки Элдор бундан кейин ҳам Тригорияда умуман кўриниш бермас.
Чунки Элдор Шомуродов ўзи қатнашадиган Париж Олимпиадасида Ўзбекистон таркибидаги ўйинлари орқали ҳужум чизиғига янги ўйинчи қидираётган бошқа жамоаларнинг эътиборини қозониши ҳам мумкин.
TUTTOMERCATOWEB.COM сайти:
“Рома”нинг янги спорт директори Флоран Гисольфи трансферлар бўйича катта босим остида ишлашига тўғри келмоқда. Раҳбарият Мараш Кумбулла, Никола Залевски ва Элдор Шомуродовга янги иш жойи топиб бериши керак. Бу футболчилар бош мураббий Даниэле Де Россининг келаси мавсум режаларига кирмайди.
Элдор Шомуродовнинг кейинги йилларда ижарадаги фаолияти жуда зўр чиққани йўқ. Лекин Франция пойтахти Париж шаҳридаги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон терма жамоаси сафида ўйнайдиган ҳужумчига янги трансфер имкониятларини очиши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2020 йилнинг октябридан бери Италия чемпионатида иштирок этиб келмоқда. Ҳозиргача “Женоа”, “Рома”, “Специя” ва “Кальяри” жамоалари шарафини ҳимоя қилган футболчимиз А Серияда 102 та учрашувда иштирок этиб, 15 та гол ва 9 та ассист муаллифи бўлган.
Москванинг “Спартак” жамоаси учрашув ўтказгани Ўзбекистонга келиши кутилмоқда
Жаҳоннинг энг зўр боксчиси Кроуфорд Мадримов ҳақида нималар деди?
Фикрлар