Олимпиада совриндори бўлган беш нафар боксчимиз нега профессионал йўналишда жанг қилмаганди?
Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган барча боксчиларимизнинг аксарияти профессионал боксда ҳам жанглар олиб борган ва айни кунда ҳам ўз фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Бироқ, бир неча йиллар аввал Ўткирбек Ҳайдаров, Рустам Саидов, Сергей Михайлов, Баҳодир Султонов ва Аббос Атоев каби тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида бронза медалини қўлга киритган юртдошларимиз эса, профессионал йўналишда бирорта жанг ўтказмаган. Бунга сабаб нима бўлган эди? Бу борада ушбу чармқўлқоп усталарининг ўзидан эшитамиз:
Ўткирбек Ҳайдаров:
Ҳозирда мураббийлик қилаётган ушбу боксчимиз 2004 йил Афина Олимпиадасида иштирок этиб, 81 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритади. Асосан, 75 ва 81 кг вазнда ҳаракат қилган Ҳайдаров жаҳон чемпионати олтин (“Хьюстон- 1999”), кумуш (“Белфаст-2001”) ва бронза (“Бангкок-2003”) медаль соҳиби саналади.
- Бизда бир вақтнинг ўзида ҳаваскор ва профессионал йўналишда жанг олиб бориш имкони бўлмаган. Биласиз, бунга рухсат берганига кўп бўлмади. Эҳтимол, шундай бўлганида профессионалда ҳам рингга кўтарилардим. Асосий сабаб эса, онамнинг райига қарши бора олмаганман. Балки, бу йўналишда ҳам фаолият олиб борганимда, яхши натижалар қайд эта олган бўлармидим.
Рустам Саидов:
2000 йил Сидней Олимпиадасида энг оғир вазн тоифасида иштирок этиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан ўрин олган юртдошимиз, ҳаваскор боксда салмоқли натижаларни қайд эта олган. У Олимпиада совриндори бўлиш баробарида икки карра Осиё ўйинлари (“Пусан-2002”, “Доха-2006”) чемпиони, икки маротаба Осиё чемпиони (“Тошкент-1999”, “Улан Батор-2007”) ва бир марта вице-чемпион (“Хошимин-2005”) бўлган. 2003 йил Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида учинчи ўринни ҳам қўлга киритган.
- Сидней Олимпиадасидан сўнг, қўлимда тайёр шартнома бўлган. Нью-Жерсига йўл олишим керак эди. Ўша вақт онам ҳаёт бўлган ва Америка Қўшма Штатларига боришимга қаршилик қилган. Чунки, кўп вақтимизни оила даврасидан узоқда ўтказар эдик. Шунинг учун, бағрида кўпроқ бўлишимни хоҳлаганди. Шу туфайли, профессионал боксда фаолият юритмаганман.
Сергей Михайлов:
Ушбу юртдошимиз 2000 йилги Сидней Олимпиадасида - 81 кг вазн тоифасида иштирок этиб, бронза медаль эгасига айланган. Қолаверса, у 1997 йилги Осиё чемпионатида кумуш, 1999 йилги Тошкент мезбонлигидаги қитъа чемпионатида олтин, 1997 йил Алмати шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ўйинлари чемпионлигини қўлга киритган. 1998 ва 2002 йилги Осиё ўйинларида рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда, шоҳсупанинг энг юқори поғонасини банд этади.
- Биринчи навбатда ўзимда хоҳиш бўлмаган. Узоқ йиллик ҳаваскордаги фаолиятдан кейин, бироз боксдан зерикканман. Қолаверса, ўша вақтлар Ички ишлар академиясида ҳам ўқир эдим.
Баҳодир Султонов:
2004 йил Афина Олимпиадасига йўл олган бокс терма жамоамиз таркибидан ўрин олган Султонов, ўша вақтда мавжуд бўлган -54 кг вазн тоифасида бронза медални қўлга киритади. Қолаверса, икки карра (“Бангкок-2003”, “Милан-2009”) жаҳон чемпионатининг бронза медалига ҳам эга чиққан. Шу қаторда, Осиё ўйинлари (“Доҳа-2006”) чемпионлигини ҳам қўлга кирита олганди.
- Аслида, ўзимни профессионал боксда ҳам синаб кўришни жуда истаган эдим. Ўша вақт Ички ишлар тизимидаги фаолиятим туфайли, иккисидан бирини танлаш керак бўлганди. Мен эса, ишни танлаганман.
Аббос Атоев:
Бухоролик чармқўлқоп устаси 2012 йил Лондон Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоасидаги ягона совриндор бўлган боксчи ҳисобланади. У -75 кг вазн тоифасида бронза медаль соҳибига айланган. Атоев ҳам совриндор боксчиларимиз сафида эътироф этилади. У Олимпиада совриндори бўлиш билан бирга икки карра жаҳон чемпиони (“Чикаго-2007”, “Милан-2009”), Осиё чемпиони (“Улан Батор-2007”), Осиё ўйинлари вице-чемпиони (“Гуанчжоу -2010”) ҳисобланади.
- Шунчаки ўзимда хоҳиш бўлмаган. Боксчилик фаолиятимни якунлаганимдан сўнг, харбий соҳадаги ишимдан ҳам кетганман. Ўзимни мураббийликка бағишлаб, ушбу соҳада ҳам яхши натижалар қайд этишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйгандим. Шунинг учун, профессионал боксга қизиқишим бўлмаган.
Фикрлар