"Олимпик" - "Металлург" ўйини нега бошқа стадионга кўчирилди? Ютолмаётган бекободликлар учун бу яхшими ёки...
“Аввалроқ “Пахтакор” Элит Чемпионлар лигаси доирасидаги уй учрашувларини “Жар” стадионида ўтказиши ҳақида маълумот берилганди. Мазкур мусобақанинг илк турида “Пахтакор” “Ал Васл” клубини қабул қилади. Беллашув 17 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Шундан келиб чиқиб, Суперлига 18-туридан ўрин олган “Олимпик” — “Металлург” учрашуви Ассоциация билан келишув асосида 16 сентябрь куни “Дўстлик” стадионида ўтказилади. U21 жамоалари иштирокидаги ўйин эса 18 сентябрь санасида “Жар” ёрдамчи майдонида бўлиб ўтиши кўзда тутилган”, - дея хабар бермоқда ЎзПФЛ матбуот хизмати.
Айтиш мумкинки, “Металлург” клуби шундоқ ҳам ўз уйида ўйнай олмаяпти. Биласиз, мезбон сифатида Олмалиқдаги аренадан фойдаланиб келмоқда. “Олимпик” билан учрашувнинг “Дўстлик” стадионига кўчирилгани бекободликларга ҳеч қандай қўшимча таъсир кўрсатмаса керак. Боиси, клуб ҳар бир учрашувини бошқа ареналарда ўтказяпти. Яъни, ўз майдонидан ташқари бўлган ареналарда тўп суришга ҳам кўникиб қолди.
“Металлург” Суперлигада ғалаба қозона олмай келаётган ягона клуб бўлиб қолмоқда. Иккинчи давра олдидан жамоада рўй берган ўзгаришларга қарамасдан жамоа ҳамон ютолмаяпти. Ўз навбатида “Олимпик”да ҳам янги бош мураббий иш бошлаган. Денис Коростиченко бошчилигида ёш “олимпик”чилар ёмон кўринишмаяпти.
Стадион ўзгариши мезбон ҳисобланган “Олимпик” клубига ҳам у қадар таъсир кўрсатмайди. Ёш жамоа ҳар қандай майдонда ўзини эркин ҳис қилади ва босимсиз ўйнайди. Ўйиннинг “Дўстлик” стадионига кўчирилгани қайси клубга омад келтираркин? “Металлург”нинг ғалабасиз келаётганини ҳисобга олсак, бу сафар улар учун дуранг ҳам энди мағлубиятга тенг десак муболаға бўлмайди. “Олимпик” клубига нисбатан “Металлург”да босим бор. Рости, бу беллашувни кузатиш анча қизиқ бўлади.
Фикрлар