"Олимпик Мобиуз" бош мураббийи "Қўқон-1912"га ютқазганидан сўнг: "Рақиб жамоа ютиш учун ҳеч нарса қилмади"
Про лиганинг 5-турида “Олимпик Мобиуз” ўз уйида лига етакчиларидан бири “Қўқон-1912”га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. “Олимпик Мобиуз” бош мураббийи Фарҳод Нишонов учрашувдан кейин мағлубият сабаблари ҳақида фикр билдирар экан, жумладан шундай деди:
- Ўйлайманки, рақиб жамоа ютиш учун ҳеч нарса қилмади. Ўзимиз хатолар эвазига голлар ўтказиб юбордик. Шунинг ҳисобига ютқаздик. Ўйинни назорат қилдик, вазиятлар яратдик. Фақат муаммо имкониятлардан фойдаланишда. Мана шу жиҳат бўйича йигитларга совуққонлик етишмаяпти. Бунинг устида машғулотларда ишлаяпмиз, ҳаракат қилиняпти. Ўйиндан-ўйинга ўйлайманки, гол ҳам урамиз, ғалаба ҳам қозонамиз.
- Жамоа таркибида бир-иккита футболчилар кўринмади. Бунга сабаб нима?
- Ҳеч кимга асосий таркибда жой кафолатланмаган. Мақсадимиз бугундан иборат эмас, келажакни ўйлаганмиз. Тартиб-интизомни тўғрилаш учун ҳам кимларнидир ўйин қайдномасига киритмадик. Бизда ҳеч кимга жой кафолатланмаган. Хоҳ у лидер бўлсин, хоҳ “капитан” бўлсин. Тартиб ҳаммага бир хил. Биринчи ўринда тартиб-интизом туради.
- Кейинги ўйинлар Кубок доирасида бўлади. Бу борада қандай мақсад қўйилган?
- Ҳар бир учрашувда ғалаба учун ўйнаймиз. Афсус, Суперлига ёки про лига клублари бўлсин, ҳамма ўзи учун, натижа учун футбол ўйнаяпти. Ҳеч ким мухлислар учун футбол ўйнамаяпти. Бу жуда ёмон. Нима учун мухлислар стадионга тушишмаяпти? Бўш трибуналарда футбол ўйнаш ўйинчиларга ҳам, бошқаларга ҳам қизиқмас. Суперлига, про лига клубларини кўряпмиз, мухлислар йўқ. Биз битта ишқибозимиз бўлса ҳам чиройли футбол кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Натижага чиройли футбол орқали эришмоқчимиз. Бу ҳақиқат, буни тан олишимиз керак. Мухлислар ҳозир футболга эмас, 10 баробар пул сарфлаб тоғга дам олгани боришяпти. Ишқибозлар футболга келиб роҳатланишларини хоҳлардик. Биз шу йўлдамиз. Кубокда ҳам ўзимизни футболни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Барибир ишонаманки, келажакда терма жамоада ва топ клубларда ўйнайдиган футболчиларни етказиб берамиз. Мухлислар учун ўйнашимиз керак.
Фикрлар