"Олимпик"ни ёш жамоа деб бўлмайди, Бахтиёр Аъзамович жуда ғазабда эди" - Ашурматов ўрнига матбуот анжуманида қатнашган Даврон Файзиевдан фикрлар

“Қўқон-1912” – “Олимпик” (1:0) ўртасидаги учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар мураббийи Даврон Файзиев  журналистларнинг саволларига жавоб берди.

- Авваламбор, ўтиб кетган байрам билан яна бир бор Ўзбекистондаги барча оналаримиз, опа-сингил, аёлларни табриклаймиз. Бугунги ўйиндаги ғалабамиз қўқонлик мухлиса аёлларимизга байрам совғаси. Ўйин жуда қизиқарли бўлиши олдиндан маълум эди. “Олимпик” Тимур Кападзе бошчилигида жуда яхши шаклланган. Уларнинг “Сурхон” билан ўйинини таҳлил қилганимизда шунга амин бўлгандикки, “Олимпик”ни ёш жамоа деб атаб бўлмайди. Балки тажриба бобида бироз оқсаётгандир, аммо ўйинчилари катталардек фикрлаяпти ва бошқа жабҳаларда биздан қолишмади. Бу клубга омад тилайман.

Биз бу учрашувга режа бўйича пухта тайёргарлик кўрдик. “Нефтчи” билан ўйиндаги хатоларимиз устида ишладик. Ўйиндан олдин Бахтиёр Аъзамович бўйича иккита ўйинга четлатилгани юзасидан хат келди. Аммо сабаби номаълум. Фақат ўйиндан олдин эшитдик. Шунинг учун бу ютуғимизни Бахтиёр Аъзамовичга ҳам атаган бўлардик. Ҳаммаси бош мураббийнинг кўрсатмаси асосида бўлди. Майдонда ҳам фақат унинг топшириқларини бажардик.

Тўғрисини айтсам, Ашурматов учрашувдан олдин жуда асабийлашди. Стадионга етиб келганимизда шу хабарни эшитдик ва Бахтиёр Аъзамович ғазабда эди. Агар шу хабарни эртароқ маълум қилишганида яхшироқ бўларди. Лекин нимага бундай бўлгани ҳаммамиз учун қоронғу.

Ҳамидилло Абдуҳамидов биринчи даврада бизга ёрдам бера олмайди. Иккинчи даврада сафимизга қўшилади. Бу футболчига катта умид боғлаганмиз. Футболда жароҳатлар унинг бир бўлаги ҳисобланади. Ҳамидилло ҳар доим биз билан бирга.

Анвар Ҳожимирзаевни захирадан майдонга тушириб яна захирага олганимиз бу тактик ўзгариш билан боғлиқ. Унда жароҳат йўқ. Фақат ҳимояни кучайтириш учун шундай қилдик. Ҳаммамиз бир оиламиз, барча бир-бирини тўғри тушунади. Мураббий футболчидан ёки футболчи мураббийдан хафа бўладиган жойи йўқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!