"Олимпик"нинг натижалари тасодиф эмаслиги, "Пахтакор"ни нега тарк этгани, Осиё кубоги финалидаги мағлубият ва МТЖдаги дебюти ҳақида Руслан Жиянов билан ИНТЕРВЬЮ!

Айни пайтда Қатарда Жаҳон чемпионати тобора ўзининг авж палласига чиқиб бормоқда. Мундиалга бўлган қизиқиш ўта юқори даражада бўлиб турибди. 

Ўзбекистонда эса мавсум якунига етди ва жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўриш режаларини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, айрим клубларни етакчи футболчилар тарк этмоқда.

Бу мавсум Суперлигада дебют мавсумини ўтказган "Олимпик" грандлар учун яхшигина бошоғриқ бўла олди. Жамоа сафидаги ёшлар етакчилар жамоаларнинг эътиборига тушгани шубҳасиз. Биз шу фурсатдан фойдаланиб, "олимпиячилар" вакили Русланбек Жияновни суҳбатга тортдик. 

У ўтган мавсумда қайд этилган натижалардан қониққани, "Пахтакор", бошқа Суперлига клублариларидан таклиф бўлаётгани ва албатта, мундиалда қайси жамоага мухлислик қилиши ҳамда фаворит терма борасида ўз фикрларини билдириб ўтди. 

жияновв

- Суперлига якунланган мавсум ҳақида қандай фикрдасиз? "Олимпик" жамоаси дебютида жадвалнинг 6-поғонасидан жой олди. Клуб кўзлаган мақсадига қай даражада ета олди?

- Бу йилги Суперлига ҳар доимгидан-да қизиқ бўлди. Учта жамоа охирги тургача чемпионлик учун кураш олиб боришди ва яна чемпионатда жон сақлаш борасида ҳам худди шу ҳол кузатилди. 

Бизга иккинчи давра олдидан "кучли учлик"ка кириш ма"қсади қўйилганди. Лекин умуман олганда, илк мавсумнинг ўзидаёқ 6-ўринни эгаллаш яхши натижа, деб ўйлайман.

- Жамоа етакчиларга қарши муносиб қаршилик кўрсатди ва ҳар биридан очко тортиб олди. Бунинг қанақадир алоҳида сири бормиди ёки тасодифми?

- Алоҳида сири йўқ. Хоҳиш билан ҳар ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. 

Бу жараённи тасодиф, демаган бўлардим. Агар шундай бўлганда, битта ёки узоғи билан иккита баҳсда шундай натижа қайд этиларди. Аммо биз ҳар бир гранд клубдан очко тортиб олишга муваффақ бўлдик.

- Сиз учун энг қийин ва энг осон ўйин қайси бўлди?

- Алоҳида битта учрашувни ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Барча беллашувлар оғир ўтди. Осон бўлмаслигини билардик.

руслан

- Билишимизча, сиз "Олимпик" сафига "Пахтакор"дан келиб қўшилгансиз. "Шерлар" таркибини тарк этишингизга айнан нима сабаб бўлганди?

- Биз ўшанда ёшлар таркибида ўйнар эдик, U-21 чемпионатида. Кейинчалик ўша йили "Пахтакор" U-21 сафида биз тенгилар ҳаракат қилмаслигини айтишди. Сўнг "Олимпик" лойиҳаси очилди ва биз кўпчилик билан шу жамоага, қолганлар бошқа клубларга йўл олди. "Пахтакор"да асосий жамоага ҳам жалб қилишмаган.

- Бу йил юртимизда Осиё кубоги доирасида Олимпия терма жамоамиз муносиб иштирок этди ва кумуш медалларни қўлга киритди. Шу мусобақа ва ундаги натижа борасида нима дея оласиз?

- Осиё кубоги яхши ташкил этилди. Натижа борасида бошидан чемпионликни мақсад қилгандик. Бунга кўпчилик ишонмаганди. Аммо бизда кучли хоҳиш бор эди ва финалгача бордик. Афсуски, ҳал қилувчи ўйинда мағлубиятга учрадик. Шунга қарамай, мухлисларимиз шундан ҳам хурсанд бўлди. Худо хоҳласа, кейинги мусобақада ғолиб бўлиб, Олимпиадага йўлланмани қўлга киритамиз.

- Финалда Саудия Арабистони ростан кучли ўйин намойиш этдими ёки бизнинг режаларимиз ўхшамадими?

Улар ҳам яхши ўйнади, албатта. Биз кўп вазиятларда нотўғри қарор қабул қилдик. 

Саудия Арабистонида ўша ёшдаги футболчиларининг кўпи айни дамда миллий жамоасида ҳам тўп тепмоқда. Улар мундиалда ҳаракат қилишга муваффақ бўлгани бунга далил бўла олади.

жиянов

- Мавсум охирида миллий терма жамоада дебют қилдингиз. Таассуротлар қандай бўлди?

- Таассуротлар ажойиб. Миллий терма жамоадан чақирув олиш ҳар бир футболчининг орзуси. Таклиф олганимдан сўнг ўйнаш имкониятини берган Сречко Катанецга миннатдорчилигимни изҳор этаман. 

Бунга асосий сабабчи бўлган барча мураббийларимга раҳмат айтаман. Шу ўринда, Тимур ака Кападзега ҳам катта имкониятлар яратиб бергани учун ташаккур айтаман!!!

- Дебют ўйинингизда захирадан майдонга туширилдингиз ва яна захирага олиндингиз. Бу жароҳат билан боғлиқми ёки мураббий қарори?

- Мураббий қарори. Баҳс якунига етгач, у ёнига чақириб вазиятни батафсил тушунтирди. 

кападзе

- Ҳозир қулай таклиф келиб тушадиган бўлса, "Олимпик"ни тарк этган бўлармидингиз?

- Айни пайтда гранд клублардан таклифлар бор. Аммо биринчи навбатда, Тимур ака билан маслаҳатлашаман. Ҳали бошқа жамоалар борасида ҳеч нима аниқ эмас.

- Устозингиз Тимур Кападзе йилнинг энг яхши мураббийи, дея эътироф этилди. Бунга муносабатингиз қандай?

- Жуда ҳам хурсандман, албатта! Мураббийимиз бунга лойиқ эди. Осиё кубогида натижа кўрсатдик, "Олимпик" билан дебют мавсумда 6-ўринни эгалладик.

 

- Айни вақтда Қатарда бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати авж палласига чиқиб бормоқда. Сиз қайси терма жамоага мухлислик қиляпсиз ва якунда ким чемпион бўлади, деб ўйлайсиз?

- Португалияга. Роналдунинг Жаҳон чемпиони бўлишни истаяпман.

- Тушунарли. Жавоблар учун катта раҳмат! Келгуси фаолиятингизда улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз!!!

- Сизга ҳам мазмунли суҳбат учун ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан!!!

 

Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!