"Олимпия куни". У қандай ўтди? (Фоторепортаж)
Айтиш мумкинки, бу байрам барча спорт ихлосмандларини, федерация ва ассоциация вакилларини, қалби жўшқин ёшларни ўзида бирлаштира олди. “Ҳумо арена” атрофида меҳмонлар учун барча спорт турлари бўйича кўргазмали чиқишлар намойиш этилган бўлса, чинакам тадбир 19:00 да бошланди.
Дастур аввалида бошловчилар узоқ ва яқин ўтмишимиздаги, замонимиздаги спорт афсоналарини таклиф этиб, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси садоси остида тадбирнинг очилиш маросими бошланди. Шундан сўнг мухлисларга “Олимпия куни” ҳақида яна бир бор маълумот берилиб, Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг байрам табриги эшиттирилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувохидов, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва МОҚ раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов сўзга чиқиб, муҳтарам юртбошимиз бошчилигида спортга қаратилаётган эътибор, спортчиларимизнинг халқаро майдонда қайд этаётган юқори натижалари, жисмоний тарбия ва спортнинг ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида тўхталдилар ва спортчиларимизга бўлажак Олимпиада йўлида улкан зафарлар тилаб қолишди.
Тадбирнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири Токио Олимпиадасига тескари саноқ берилиши бўлди. Катта аҳамиятга эга мазкур вазифани спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов, гимнастика афсонаси Оксана Чусовитина ва спортга энди қадам қўяётган ёш вакилларимизлан бири биргаликда бажаришди. Рамзий тугма босилгач, Токио Олимпиадасига роппа-роса 383 кун қолганини ифодаловчи тескари саноқ ҳам ишга тушди.
Спортчиларимиз нафақат майдонда, балки ижодда ҳам серқирра. Тадбир давомида кўзга кўринган атлетларимиз Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов қаламига мансуб “Ўзбегим” шеъридан парчалар айтиб, мухлисларга адабиёт бобида ҳам намуна эканликларини кўрсатишди. Шундан сўнг театрлаштирилган саҳна кўринишлари, санъаткорлар қўшиғига спортчиларимизнинг бадиий чиқиши кечага янада кўрк берди. Шунинг билан йиғилган мухлислар, спортимиз ва эстрадамиз юлдузлари иштирокида “Олимпия куни”га бағишланган ката гала-концерт бошланиб кетди.
Cуратлар муаллифи Ёқубжон Соҳибов
Фикрлар