Олимпия ва паралимпиячиларимизда допинг аниқлангани йўқ
Давлатимиз раҳбари ушбу йирик мусобақаларда спортчиларимизнинг ҳар томонлама тайёргарлиги ва муваффақиятли иштирокини таъминлаш, олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мамлакатимизда Олимпия ва Паралимпия ҳаракатларини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 25 июнь куни “2021 йилда Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги олимпия ва ХVI паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг иштирокини таъминлаш ҳамда олимпия спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорда Миллий антидопинг агентлигига спортчилар томонидан антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилиниши устидан самарали назоратни амалга ошириш, Ўзбекистон спорт делегациясини антидопинг мавзуларига оид тегишли ўқув-ахборот материаллари ва турли кўргазмали маълумотлар билан таъминлаш каби вазифалар белгиланди.
Ушбу қарорда берилган вазифалар ижроси, спортчиларимизни допингдан асраш, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик ҳақида ЎзА мухбири Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори Нодиржон ТУРСУНОВ билан суҳбатлашди.
– Бугунги кунда спортчиларимизни допинг муаммосидан асраш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Спортчиларимизни допингдан асраш борасида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, спортчилар, мураббийлар ва спорт шифокорлари учун антидопинг ўқув-семинарлари ўтказилиб, допингга қарши курашга оид турли мавзуларда тақдимотлар, давра суҳбатлари уюштирилмоқда. Ушбу семинарлар бевосита спортчиларнинг ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда карантин тартибини ҳисобга олган холда онлайн шаклда ташкил этилмоқда. Йил бошидан 37 та миллий спорт федерациясига қарашли 1 минг 112 спортчи, 214 мураббий ва 34 тиббиёт ходими ушбу семинарларда иштирок этди. Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда институт тингловчилари билан 16 та учрашув уюштирилиб, тингловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
– Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қандай тайёргарлик кўрилмоқда?
– “Токио-2020” Олимпия ва Паралимпия ўйинларига икки босқичда тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда лицензияга эга барча спортчилар (ҳозирда 73 Олимпия ва 43 Паралимпия спортчилари), мураббийлар учун антидопинг соҳасига тегишли электрон ўқув-ахборот материаллари тайёрланиб, тақдим этилди. Материаллар ноутбук, планшет ва смартфонлар орқали ўрганиш ва кўриб чиқиш учун мослаштирилган.
Материаллар ичида "Тақиқланган Рўйхат - 2021", "Бутунжаҳон антидопинг кодексидан иқтибослар", "11 антидопинг қоидабузарликлари", "Допингдан сақланиш учун 10 қоида", "ADAMS тизимида ишлаш бўйича йўриқнома", "Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги билан туну кун алоқага чиқиш услублари", "Допингга тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак" каби эслатма, йўриқнома ва бошқа фойдали адабиётлар мавжуд. Ва бу йўриқномалар фойдаланувчилар учун тушунарли қилиб берилган. Қўлланмалар бўйича тушунарсиз ҳолатлар бўлса, агентлигимиз томонидан аниқ кўрсатма ва тушунтириш ишлари олиб борилади. Иккинчи босқичда эса Бутунжаҳон антидопинг агентлиги ҳамда Халқаро олимпия ва паралимпия қўмиталарининг мурожаатига кўра, лицензия олган барча спортчилардан январь-июнь ойларида 3 марта допинг-синамалар олиш ишлари олиб борилиб, ҳозирги кунга келиб спортчиларимиздан 270 дан ортиқ допинг-синамалар олинди. Бу ишларнинг асосий мақсади – “Токио-2020” ўйинларига соф ва ҳалол, допингдан ҳоли спортчиларнинг иштирокини таъминлашдир. Олинган синамалар манфий натижа кўрсатиб, уларнинг биронтасида тақиқланган допинг моддалари аниқланмади.
– Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчиларимиз учун агентлик томонидан қандай кўрсатмалар берилмоқда?
– Олимпия ўйинлари бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари спортчиларимизга ва уларга ҳамроҳлик қилувчи Миллий олимпия спорт делегацияси расмийларига у ерда ичимлик ва егуликларни истеъмол қилишда ўта эҳтиёт бўлишини, бошқа спортчилар билан имкон қадар бевосита алоқа уюштирмасликларини, саломатликларида ўзгариш сезса фақат жамоа шифокори билан маслаҳатлашган ҳолда дори воситалари ва даволаш муолажаларини қабул қилишини тавсия этмоқда. Допинг ёки тақиқланган моддаларнинг тана ичига тасодифан кирмаслиги учун спортчиларимиз огоҳ бўлиши ва ўзларини асраши зарур.
– Умуман олганда, қайси спорт турларида допинг хавфи каттароқ ва Миллий антидопинг агентлиги томонидан ушбу спорт йўналишидагилар назоратга олинганми?
– Маълумки, деярли барча спорт турларида допинг хавфи мавжуд, фақат улар хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Яъни, у ёки бу спорт турига кўра куч-қувватни, мушак ҳажмини, чаққонликни, ишчанлик ва чидамлиликни оширувчи, руҳий хотиржамликни таъминловчи допинг моддалари қўлланилади. Бутунжаҳон антидопинг агентлиги маълумотига кўра, енгил атлетика, оғир атлетика, якка кураш спорт турлари, велоспорт ва сузиш спорт турларида допинг истеъмол қилиш ҳолатлари нисбатан кўпроқ учрайди. Шунинг учун Агентлигимиз ҳам айнан шу спорт турлари бўйича федерация спортчилари, мураббийлари ва тиббиёт ходимлари билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, уларга услубий ёрдам бермоқда.
Фикрлар