Олисе афсонавий Пеленинг рекордини йўққа чиқармоқда
Франция миллий терма жамоаси ҳужумчиси Майкл Олисе жаҳон чемпионатлари тарихида афсонавий бразилиялик форвард Пеле кўрсаткичига яқинлашмоқда.
24 ёшли футболчи Швецияга қарши ўтказилган 1/16 финал баҳсида икки голли пас муаллифига айланди. Учрашув французлар фойдасига 3:0 ҳисобида якунланди.
Шу билан вингернинг жорий жаҳон чемпионатидаги ассистлари сони бештага етди. Статистикага ихтисослашган Opta Sport портали маълумотига кўра, 1966 йилдан, яъни голли узатмалар алоҳида ҳисоблана бошланганидан бери бир чемпионат доирасида бундан яхшироқ натижага фақат Пеле эришган. Футбол қироли 1970 йилги мундиалда олти бор голли пас берган.
Франция терма жамоасининг навбатдаги рақиби — Парагвай. ЖЧ 1/8 финал доирасидаги ушбу баҳс 5 июль куни бўлиб ўтади.

Фикрлар