Дунё футболи, айниқса, Европа мавсумни юқори нотада ўтказган футболчи ва мураббийларни тақдирлашни хуш кўради. Футбол олами вакиллари ютиши мумкин бўлган жуда кўплаб индивидуал совринлар бор. Аммо уларнинг барчаси ҳам катта аҳамият касб этмайди. Баъзиларини қўлга киритишни эса футболчилар болалигидаёқ орзу қила бошлайди. Европада мавсумнинг энг яхши тўпурарларига тақдим этилувчи “Олтин бутса” соврини ҳам юқори даражали мукофотлар қаторига киради. Уни қўлга киритиш учун ҳужумчилар топ-чемпионатларда иложи борича кўпроқ голлар уришга интилади. 

Бугунги кунга келиб, Европанинг деярли барча чемпионатларида мавсум якунланиб улгурди ва мана энди тўпурарлар пойгаси якунлари ҳақида сўз юритишимиз мумкин. Келинг, "топ-10"лик билан танишиб чиқамиз. 

10. Харри Кейн (“Тоттенхэм”) - 23 та гол (46 очко) 

Ҳа, Премьер-лиганинг жорий мавсумдаги тўпурари 10-ўринда ва биз Харридан кейин АПЛ ҳақида гапирмаймиз. “Шпорлар” етакчиси жамоасидан фарқли равишда жуда омадли мавсумни ўтказди ва ўз совринлар пештахтасини “АПЛ-2020/2021” “Олтин бутса”си билан тўлдириб қўйди. 

Унинг ушбу ёзда бошқа жамоага ўтиши ҳақидаги гапсўзлар бот-бот такрорланмоқда. Шунингдек, футболчининг ўзи ҳам ҳеч бир чиқишида бу типдаги саволларга жавоб бермаяпти. “Тоттенхэм”га ҳурматни сақлаган ҳолда шуни айтишимиз керакки, энг кучга тўлган вақтида Кейн совринлар ютиш учун омадини бошқа гранд жамоа сафида синаб кўриши нормал ҳолат. Дэниель Левининг клубдан кетишини кутган тақдирда, Кейннинг сариқ сочлари оқара бошлаши мумкин.

4451

9. Карим Бензема (“Реал”) - 23 та гол (46 очко)

“Реал”нинг ушбу мавсумдаги сўзсиз энг яхши футболчиси. Каримни жорий мавсумда яна бир карра ўзимиз учун кашф этдик, деб айтсак бўлади. Ҳа, унинг етакчилик қобилияти жамоасига титул олиб бериш учун етмади. Аммо деярли барча мусобақаларда “Қироллик клуби” ўз статусига доғ туширмайдиган ҳолатда мавсумни якунлади. 

Франция терма жамоасининг яна Бенземанинг электрон почтасини қидириб қолгани ҳам шундан. Ўзи Грециянинг “Олимпиакос”ида юрган Вальбуэна масаласини деб, французлар бу каби футболчининг хизматларидан ортиқ воз кеча олмас эдилар.

1312113270

8. Херард Морено (“Вильярреал”) - 23 та гол (46 очко)

Сизга ҳам мана шу футболчи Давид Вильяни эслатадими? Уларнинг ҳужумчилик характерларида ўхшашлик сезаман. Ҳа, иккиси ҳам бутун дунёни ўзига қарата оладиган даражадаги катта юлдуз эмас, аммо майдонда қаршингизда турар экан, ундан хавф кутмаслик хато бўлади. 

Испания терма жамоасининг асосий ҳужумчиларидан бири “Евро-2020”да ҳам ўзини кўрсатса, эҳтимол, уни келгуси мавсумнинг ўзидаёқ бошқа бир гранд клуб сафида кўрармиз. Унга қизиқувчилар кўплигини биласиз-ку?!

1568626796_827839_1568626858_noticia_normal

7. Ромелу Лукаку (“Интер”) - 24 та гол (48 очко)

Бельгиялик гигант учун у қадар мақтанарли вазият эмас, тўғри. Аммо у жамоаси билан, ваниҳоят, Скудеттони ютди. “Ювентус”нинг чемпионлик сериясига барҳам берди. У керакли 24 та голни урди. Бироздан сўнг, 29 та гол уриб, 4-ўринда қолиб кетган бир буюк футболчи ҳақида гаплашамиз. Ундан кўра, Ромелу каттароқ нарсага эришди, назаримда. 

FC-Internazionale--v-SS-Lazio---Serie-A-7cd42f3b9c262ed8255186cedb51877a

6. Килиан Мбаппе (ПСЖ) - 26 та гол (52 очко) 

Франция чемпионати бой берилди, ЕЧЛ ярим финали тўхташ жойига айланди, мамлакат кубоги эса шунчаки овунчоқ ролида. Килиан мавсум давомида барқарор футбол кўрсатган ягона футболчи бўлгандек кўринди. Маурисио Почеттино ярим мавсум ичида кўп нарсаларни ўзгартира олмади. 

Мбаппега тушаётган таклифлар ҳақида гапириб, бошқа бир мақолани ҳам тўлдириш мумкин. Балки, у ҳам Париждаги саргузаштларини тугатиш мақсадидадир…

https___therealchamps.com_wp-content_uploads_getty-images_2018_08_1230171123-850x560

5. Эрлинг Холанд (“Боруссия” Дортмунд) - 27 та гол (54 очко)

Холандни овутиши мумкин бўлган ягона нарса - унинг Мбаппедан олдинги ўринда мавсумни тугатгани бўлса керак. Кубокда ғалаба қозонилди, тўғри, аммо Бундеслигада бронза медаллар билан чекланишга мажбур бўлди. 

Норвегияликни қўлга киритиш учун катта клублар жиддий ишга киришган. Тахминимизча, у келгуси мавсумни қаерда ўтказишини Европа чемпионатидан кейин ҳал қилади. 

bvb_wob_2021_haaland_190

4. Андре Силва (“Айнтрахт”) - 28 та гол (56 очко) 

Португалиялик сайёҳ ушбу мавсумда ўз фаолиятидаги энг сермаҳсул йилни ўтказди. Чўкаётган франкфуртликларнинг қутилиб қолишида Андре урган голлар муҳим роль ўйнади. Мавсум аввалида анча қийин аҳволда қолиб кетган жамоа қишки трансферлар ойнасида фаол бўлди ва керакли футболчиларни олиб келди. Натижада, улар 5-ўринда лигани якунлаш имконияти пайдо бўлди. Уларда ЕЧЛ йўлланмасини ютиш имконияти ҳам бор эди. Бироз омад етишмади. 

Силва эса таклифларга қарамасдан, Франкфуртдаги бахтли ҳаётини давом эттириши керак. Гранд клубларда яна омади чопмай қолиши мумкин. 

gettyimages-1232221855-594x594-1

3. Криштиану Роналду (“Ювентус”) - 29 та гол (58 очко)

Роналду учун ушбу мавсум ўта омадсиз кечди. Омадсиз мавсумда ҳам 29 та гол урибди-ку, дейсизми?! Бу Криш учун ҳеч қандай қувонарли ҳолат эмас. Ҳа, у "топ-5" чемпионатларнинг 3 тасида тўпурарликни қўлга киритган биринчи футболчига айланди. Аммо клуби билан 4-ўринда қолиб кетди. УЕФА Чемпионлар Лигасини “Порту”га учралган мағлубият сабабли жуда эрта тарк этди. Кубокдаги ғалаба эса буларга тўлиқ малҳам бўла оладиган хурсандчилик эмас. Индивидуал совринлар учун ҳам португалиялик тирик афсонада имконият ҳозирча йўқ!

1232269483

2. Лионель Месси (“Барселона”) - 30 та гол (60 очко)

Мавсум аввалидаги машмашалар ва кетиш кайфияти сабаб ўйинида пастлаш кузатилган Лео шу ҳолда ҳам рақиблари дарвозасига 30 та голни қалаштириб ташлабди. Унинг Роналду билан омадсизликлари ҳам ёнма-ён юради. Бугун бизга шиддатли қарама-қаршиликка тўла декада ва ҳатто ундан ҳам кўпроғини тақдим этган ушбу икки йигит энди футбол қариялари қаторига қўшилмоқдалар. Вақт олий ҳакам: яқиндагина “Хетафе” дарвозасига барчани алдаб ўтиб гол урган 19 ёшли болакайни бугун футболдан кузатиб қўйишга тайёрланмоқдамиз. 

 

1316000036

1. Роберт Левандовски (“Бавария”) - 41 та гол (82 очко)

Роберт жорий мавсумда ҳам тўпурарлик бобида ҳеч кимга имкон қолдирмади. У жароҳатлар сабаб бир қатор ўйинларни ўтказиб юборганига қарамай, якунда рақибларидан катта устунлик билан ўзиб кетди. Бундеслига даражаси ҳақидаги гапларни бир четга суриб қўяверсангиз ҳам бўлади. Сабаби, қолганлар каби польшаликда 38 та турда майдонга тушиш имконияти мавжуд эмас. 

Ушбу мавсумда унга муносиб рақобатчининг топилмагани ҳам тўпурарликни Роберт қўлга киритишида асосий сабаб бўлди. Қолган юлдузлар ўз муаммолари билан ўралашиб юрган бир пайтда у керакли голлар ва очколарни йиғиб қўйганди. 

lewandowski-fcb

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!