Омадсиз трансфер ёхуд Жасур ва Остон Москвани забт этолмайдими?

Россияда ёзги трансфер мавсуми якунланганидан сўнг, мутахассислар  турли трансферларни таҳлил қилиб чиқмоқда. Маълумки, бу йилги трансфер бозорида Россиядаги барча легионерларимиз фаолиятида жиддий ўзгаришлар юз берди.

Россиялик футбол мутахассислари Москва клублари олган Жасур Жалолиддинов ва Остон Ўрунов трансферини омадсиз танловлар рўйхатига киритди.

Нега бундай бўлди?

Бу саволга улар қуйидагича жавоб бермоқда.

Тransfermarkt портали маълумотларига кўра, Москванинг “Локомотив” жамоаси “Бунёдкор”дан Жасур Жалолиддиновни олиш учун 900 минг евро харажат қилган. Албатта, бу сумманинг ҳаммаси “қалдирғочлар” ғазнасига тушгани йўқ. Пулнинг катта қисмини трансфер бошида турган агентлар олди.

Умуман, Жасурнинг трансфери шов-шув бўлди. Уни “Локомотив”га тавсия қилганлар москваликларни яқин келажакда жамоанинг асосий ўйинчисига айланадиган вундеркиндни олгани билан табриклади. Бунга, 18 ёшли Жасурнинг “The Guardian” нашри томонидан ўз ёш тоифасида дунёнинг энг истеъдодли футболчилари рейтингига киритилгани яхши асос бўлиб хизмат қилди. Ўша рейтингда ҳамюртимиз билан бир қаторда номи зикр этилган Ансу Фати бугун  “Барселона”да Мессининг ўрнини эгаллашга даъво қиляпти. Бундеслигада порлай бошлаган Жованни Рейна “Реал”нинг орзусига айланди.

Жасурнинг трансфери эса, футболимиз раҳбарларида шубҳа уйғотиб, бу иш ўзига хос суриштирув ва текширувларгача етиб борди.

Бир сўз билан айтганда, Жасур ҳозирги пайтда “Локо”га керакмас бўлиб чиқди. Янги бош мураббий Марко Николич унга имконият бермади. Катта футболчилар ва тажрибали легионерларга таянадиган бўлди.

5juhuOzhIxGb9giKTASnHWcQtD4fO4wU

Буёғига эса, “Локомотив” Жасурни келажак учун сотиб олган, деб ўзимизни овутамиз. Ҳар ҳолда катта клублар ҳам шу йўлдан бориб, ёш ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олиш анъанаси Европада анча машҳур.

Жасурнинг омади чопиб, кутилмаганда “Тамбов” варианти пайдо бўлди. У мавсум охиригача тамбовликлар таркибида ижарада ўйнайди.  Энди ҳаммаси Жалолиддиновнинг ўзига боғлиқ. Ҳақиқатан ноёб истеъдод соҳиби эканини намойиш эта олса, футбол таҳлилчилари учун омадсиз трансферга муваффақият тўнини кийдириш жуда осон.

Остон Ўрунов бўйича икки хил қараш мавжуд. 19 ёшли футболчимизнинг жорий йилнинг бошида “Локомотив”дан  “Уфа”га кўчиб ўтгани, шубҳасиз, муваффақиятли трансфер бўлди.  Остон креатив ўйин услуби билан тезда кўзга тушди.  Грандлар эътиборини қозониши учун ўнта ўйин кифоя қилди.

“Уфа” бир неча таклифлар ичида “Спартак”нинг 1,5 миллион евролик  шартномасини қабул қилди. Ундан кўп берадиганлар ҳам бор эди. Бунда уфаликларнинг “Спартак”га кўчиб ўтган бош директори Шамиль Газизов асосий ишни бажаргани ҳеч кимга сир эмас. Ўрунов ёзда сотиб олинган ягона футболчи бўлди. Александр Кокорин эса, эркин агент сифатида келди. Маълумотларга қараганда, москваликларнинг мураббийлар штаби ҳар икки футболчини олинишига қарши бўлган экан. Бунга сабаб, “Спартак” ярим ҳимояси кучайтиришга муҳтож бўлмаган. Майдон марказидаги позициялар учун рақобат катта. Бош мураббий Доменико Тедеско ўзи айтганидек, кўп футболчилардан иборат катта таркиб билан ишлаш кўникмасига эга эмас.

Қолаверса, пойтахтликлик айрим мутахассисларга Уфадан келган бош директорнинг бу қарорлари шунчаки маъқул келмади. Улар Газизовдан юлдуз даражасидаги ўйинчилар трансферини кутганди.

Шундай бўлса-да, футбол мутахассислари Остон Ўрунов “Уфа”нинг ҳақиқий етакчиси бўлганини тан олмоқда. Улар ўзбек футболчиси “Спартак” жамоасига сал эрта келиб қолганини таъкидлаяпти.

Биз нима деймиз? Остон қийинчиликлардан қўрқмайдиган йигит. Ҳозир, кам бўлса-да, ўйин амалиётига эга бўляпти. Гоҳида ўйини яхши чиқяпти, баъзан хато қиляпти. Лекин “Спартак” ўйинини бузиб қўйгани йўқ. Мослашув жараёни тугаганидан кейин, ўзини кўрсатиши кутиляпти.

1600278862_spartak_1

Россиялик футбол мутахассислари Евгений Марковнинг “Краснодар”га, Слободан Райковичнинг “Локомотив”га,  Хайтам Алеесамининг “Ростов”га ўтганини ҳам муваффақиятсиз трансфер сифатида баҳолаб, бу футболчиларнинг янги жамоасида ўйнаб кета олишига шубҳа билдирган. Уёғини эса вақт кўрсатади...

Ўзбек легионерлари фаолиятида жиддий ўзгаришлар бўлди!

Россия футболи: Ўзбек футболчилари даромад келтирди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!