Оммавий футбол: Ширмонбулоқда мини-футбол бўйича "Мустақиллик кубоги" турнири бўлиб ўтди.

Юртимизда оммавий футболни ривожлантириш борасида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Чекка-чекка қишлоқларда ҳам ёшларни спортга жалб қилиш, кексалар орасида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун кўплаб мусобақалар ташкил қилинаётганлиги ҳам сир эмас.

Жумладан, Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғида ҳам мини-футбол бўйича доимий чемпионат ўтказиб келинади. Мусобақа 35 ёшдан катта ва ундан кичиклар ўртасида ташкил этилади.

"Мустақиллик кубоги" дея номланувчи мазкур турнир бир ой давомида ўтказилиб, айнан байрам куни ўз якунига етади. Жорий йилги чемпионат ҳам жуда қизиқарли тарзда бўлиб ўтди ва якунда 35 ёшдан юқори бўлганлар ўртасида 1982 йилда таваллуд топганлар ғолибликни қўлга киритди. 1984 ва 1987 йил жамоалари мос равишда 2-3 ўринни қўлга киритдилар.

35 ёшдан кичиклар турнирида эса 1992, 1990 ва "Марказ -1991" жамоалари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишди.
Турнирда ўзига хос номинациялар ҳам аниқланди. Унга кўра, турнирнинг энг яхши ўйинчиси дея "Пахтакор 79" жамоаси сардори Ғуломжон Сиддиқов топилган бўлса, энг яхши дарвозабон деб "Фахрийлар" жамоаси вакили Дониёр Бердиқулов эътироф этилди. Мусобақа тўпурарлиги эса Бахтиёр Шертойлоқовга насиб этди. Энг фойдали ўйинчи дея яна бир "Фахрийлар" жамоаси аъзоси Ботирбек Хайитбоев тан олинди.

Fair -Play (Ҳалол ўйин ) номинацияси 1981 йилда таваллуд топганлардан иборат жамоага насиб этди.
Шу тариқа навбатдаги мусобақага ҳам якун ясалди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!