Футбол курашларга бой спорт тури. Рақобат, шиддат ва ҳатто жанжал каби тушунчалар футболнинг қон-қонига сингиб кетган. Айрим учрашувлар борки, биз уларга ўзгача меҳр қўйганмиз. Улардан бири - "Эл-класико". Бу баҳс юқоридаги тушунчалар билан бирга принципиалликни ҳам ўз ичига олади. Турнир жадвалидаги позиция, соврин катта аҳамиятга эга эмас. Ор-номус учун, жамоа шаъни учун жанг кетади "класико"ларда.

20 дан 21 мартга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00да мухлислар навбатдаги "эл-класико" гувоҳи бўлади. Кимнидир бу ўйинга қизиқтириш шарт эмас. Бизни қандай ўйин кутаётганини ўзингиз ҳис қилиб турибсиз. "Реал" доимо қудратли бўлган. Буни яқинда ҳам исботлади. "Барселона" "синиб" яна тикланаётган жамоа. "Кўк-анорранглилар" шиддат билан тепага қараб юксаляпти. Шу нуқтада икки азалий рақиб ўзаро куч синашади. Йўллари Ла Лиганинг 29-турида кесишди. Биз ушбу тўқнашувдан олдин бир қатор янгиликлар, фикрлар ва фактлар билан сизларни таништириб ўтамиз.

"Реал" Мадрид

Чемпионлар лигаси қироллари мазкур турнирдаги юришини давом эттиряпти. Улар "Сантьяго Бернабеу"да ПСЖни қай ҳолатга солганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Месси, Неймар, Мбаппеси бор жамоа Мадриддан бир нарсани тушуниб қайтди. Гарчи, таркиб тўла юлдузлар бўлса-да, менталитет ўз сўзини айтади. "Реал"нинг менталитети - ғолиблик. Рақиб қандай кучга эга бўлишидан қатъи назар, улар ўзларини доимо биринчи ва кучли, деб қилади. Айни вақтда Анчелотти шогирдлари Ла Лигада пешқадам. ЕЧЛ чорак финалида улар "Челси"га қарши ўйнайди. Тўғри, "аристократлар" айни вақтда қийин аҳволда. Клуб молиявий инқироз ва санкциялар остида қолиб кетган. Бироқ бу фактор майдонда катта роль ўйнамайди. Балки, "қаймоқранглилар"га қарши бу мавсумдаги энг яхши "Челси" майдонга тушар. Ўша беллашувга қадар Мадрид клуби кайфиятни кўтариб олиш имкониятига эга. Тобора кучли ўйин кўрсатаётган "Барса" уларга қаршилик кўрсатади. Нохуш хабар ҳам мавжуд. Бу мавсум тинимсиз голлар ураётган ҳамда ПСЖга қарши учрашувда қаҳрамонлик кўрсатган Карим Бензема "эл-класико"ни ўтказиб юборади. Каримсиз "Реал"ни яқин вақтлар ичида катта ўйинларда деярли кўрмадик. Ана энди кўрамиз!

"Барселона"

Юқорида юксалаётган "Барселона" жумласини ишлатдим. Бу факт. "Кўк-анорранглилар" 11 учрашувдан буён мағлуб бўлмай келмоқда. Сермаҳсуллик ҳам авжида. Хави келиб, ҳаммаси яхши тарафга ўзгаряпти. Ёш футболчиларнинг супер ўйин намойиш этаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Ўйинга қарайдиган бўлсак, Хави жамоаси кучли прессинг, майда паслар ҳамда тезкор қанотлар эвазига сўнгги учрашувларда голлар уриб ташламоқда. Бунақа ўйин фонида ҳимоядаги камчиликлар ҳам беркитиб кетиляпти. Жамоа бир футболчи ёки 2-3 та ижрочига ишониб ўйнамаяпти. Яхлит бир тизим. Унда ҳамманинг ўрни бор. Бир қарасанг, Педри ва Гави супер ўйин намойиш этади. Траоре, Дембеле каби тезкор футболчилар қанотларда фаол, Обамеянг ва Ферран каби янги номлар эса голлар уриб ташлаяпти. Қария Алвеш ва Альба ассистлари билан жамоага фойда келтирмоқда. Тан олиш лозим, бу "Барса"да қайсидир ўйинчини ажратиб кўрсатиш қийин. Агар кимнидир хизматини алоҳида таъкидлаш керак бўлса, 42 ёшли испаниялик мутахассисни йўқлаб қўяверасиз!

Мураббийлар фикрлари

Карло Анчелотти 

- Эл-класико" ажойиб ўйин. Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлади. Жамоам яхши ҳолатда ва биз бу баҳсга тайёрмиз. 

- Менди ҳамда Бензема эртага майдонга тушмайди. Бундан ташқари, Карим Франция терма жамоаси йиғинига ҳам бормайдиган бўлди. 

- Эртага Бенземанинг ўрнига ким тушиши борасида қарор қабул қилдим. Бироқ бу ҳақда гапирмайман. 

- "Барселона"да аниқ ўйин услуби бор. Хави жамоани яхши шакллантира олган. Улар ўз вазифаларини яхши уддаламоқда. 

- Бенземанинг жароҳати мени ҳавотирга солмайди. У 34 ёшда. Шу сабабли, Карим бу мавсум кўп муаммоларга дуч келди. Бироқ у ҳар доим кучлироқ бўлиб қайтади. У кейинги ҳафта тузалиб, мавсумнинг асосий қисмида тайёр ҳолатда бўлади. 

- Эртага Начо сардор бўладими ёки йўқми, буни кўрамиз. У ҳақиқий профессионал ва жамоани тартибга келтира олади. Начо ҳар доим ёрдам беришга тайёр ва ҳеч қачон шикоят қилмайди. 

Хави 

 - Бу ўйин жамоамизга ажойиб даврни бошдан кечираётганимизни исботлаш учун имконият ҳисобланади. Биз мазкур учрашувда индивидуаллик эвазига ўзимиз учун бегона бўлган майдонда ўз футбол фалсафамизни кўрсатишимиз керак. 

- Фаворит номини айтиш керак бўлса, бу "Реал" Мадрид. Сабаби, улар ўз майдонида тўп тепади ва Ла Лигада пешқадамлик қилишмоқда". 

Месси дунё ҳамда "Барселона" тарихидаги энг яхши футболчи ҳисобланади. У учун доим эшиклар очиқ. Бироқ у ҳозир ПСЖда ва унинг парижликлар билан яна бир йиллик шартномаси бор.

Ҳеч қандай қўрқувсиз ва рақиб жамоани ҳурмат қилган ҳолда ўз ўйинимизни кўрсатишимиз лозим. Биз сўнгги "эл-класико"лардаги нохуш анъанани бузишга ҳаракат қиламиз. 

- Эртага "Барселона" ғалаба қозонса, сиз илк маротаба катта жамоани мағлуб этган бўласизми?

Биз "Вильярреал", "Атлетико" ҳамда "Наполи"ни мағлуб этдик. Улар катта жамоалар эмасми?

Учрашувлар тарихи:
 

248 та ўйин 

"Реал" - 100 та ғалаба 
"Барселона" 96 та ғалаба 
Дуранг - 52 та 

Тахминий таркиблар 

"Реал"

rmaa

"Барселона"

barcaa

 Худайқулов КАРИМ тайёрлади 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!