"Орзуим ҳақиқатга айланяпти" - Хебай ва унинг жамоаси энди юлдузларга қарши ўйнайди
Саудия Арабистони биринчи дивизионида қатнашаётган “Ал-Оруба” клуби яқинда ўз майдонида “Ал-Жабалан” жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Саудия премьер-лигаси йўлланмасини қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Нима учун бу жамоани тилга олаётганимизнинг боисини сезиб тургандирсиз. У ерда ўзбек мухлисларига яхши таниш бўлган албаниялик ҳужумчи Рубин Хебай тўп сурмоқда. “Андижон”нинг собиқ легионери мавсум бошида “Ал-Оруба”га трансфер қилинганди ва унинг мақсадида айнан Саудия Арабистони чемпионатида юлдузларга қарши тўп суриш эди. Эндиликда у ўз мақсадига эришмоқда.
Саудия Арабистони биринчи дивизиони якунланишига бир тур қолганида “Ал-Оруба” 3-ўринни нақд қилган ҳолда про лигага чиқди.
Эслатиб ўтамиз, биринчи дивизионда учта жамоа элита йўлланмасини қўлга киритди. Булар – “Ал-Қодисия”, “Ал-Холуд” ва “Ал-Оруба”. Хебай ҳал қилувчи баҳсда иштирок этди ва ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Рубин “Ал-Оруба” сафида ҳозирча 12 та учрашувда 3 та гол урди ва 1 та голли пасни амалга оширди.
- Рубин, премьер-лига йўлланмаси қўлга киритилгани билан табриклаймиз. Бу жуда қийин вазифамиди?
- Ҳа, биз Саудия Арабистонининг премьер-лигасига чиқишни уддаладик. Бу қийин бўлди. Лекин қаттиқ меҳнат, бор эътиборини ўйинларга қаратиш ва қилаётган ишимизга нисбатан юқори ҳиссиёт ҳамда жўшқинлик билан исталган натижага эриша олишимиз мумкинлигини исботладик, деб ўйлайман.
- Энди Саудия чемпионатида юлдуз футболчиларга қарши тўп суришни қандай тасаввур қиляпсиз?
- Буни болалигимдан ҳаётимнинг энг катта орзуларимдан бири деб билиб келганман. Ростдан ҳам ҳис қиляпманки, орзуим ҳақиқатга айланяпти. Янги мавсумни тезроқ бошлаш ва жамоамга яна ва яна ёрдам бериш учун қўлимдан келганича ҳаракат қилишга иштиёққа тўламан.
- Охирги ўйиндаги ғалабадан қувноқ ҳолатида эдинглар ва ҳозир ҳам шундай кайфиятдамисизлар?
- Ҳа, “Ал-Оруба”дек кичкина жамоа учун бу жуда катта натижа. Ўйлайманки, мухлислар ҳамда шаҳар учун катта мўъжиза ярата олдик.
- Кейинги режалар қандай?
- Фақат биттагина учрашув қолди. Кейин ҳаммамиз саёҳатга, таътилга кетамиз. Айтиб ўтганимдек, кейинги мавсум дунё юлдузларига қарши ўйнашни сабрсизлик билан кутяпмиз.
Фикрлар
Undan ko'ra Superligamiz yonyapti. 7 ta jamoa potenzialniy chempion bo'lish imkoniyatini saqlab turibdi. Mana shu hanida maqola yozinglar