Осиё чемпионати. Нигина Ўктамовада бронза, яна икки ҳамюртимиз эса финалда!

  • 07.04.2026 11:28
  • Javohir Malikov
  • 0
  • Бокс

Мўғилистоннинг Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтаётган бокс бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионатининг ярим финал жанглари давом этмоқда.

Бугунги биринчи тўқнашувда, Нигина Ўктамова -57 кг вазнда ҳиндистонлик Жасминга қарши баҳс олиб борди. Тенг курашлар остида ўтган ярим финалда, ҳакамларнинг қарори билан ғалаба рақибга топширилди – 2:3. Шу тариқа Ўктамова бронза медалини қўлга киритди.

 

-75 кг вазн тоифасида Жавоҳир Абдураҳимов ҳиндистонлик Акаш билан финал масаласини ҳал қилиб олди. Бутун жанг мобайнида тезкорлигини намойиш этган Абдураҳимов якунда 4:1 ҳисобида ғалабага эришиб, финал босқичига йўл олди.

-85 кг вазн тоифасидаги вакилимиз Жасурбек Йўлдошев ҳам ҳиндистонлик Локешга рақиблик қилди. Қизиқарли кечган баҳсда Йўлдошев ҳар томонлама Локешдан устун келди ва 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бизда яна бир финалчи!

Бугун соат 14:00 дан бошлаб, куннинг иккинчи дастур жанглари старт олади. Унда ҳам 3 нафар боксчимиз рингга кўтарилиши белгиланган. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!