Осиёнинг энг яхши футболчиси ва мураббийлари, қитъа чемпиони, ЖЧдаги иштирок – Мустақиллик йилларидаги ғалабалар

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига эришганига 29 йил тўлди. Ортда қолган давр мобайнида спортнинг бошқа турлари каби футболда ҳам бир қатор салмоқли ва эътирофга арзигулик натижалар қўлга киритилди.

1994 йили Японияда ўтказилган ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси чемпионликни қўлга киритгани тарихимиз саҳифасига зарҳал ҳарфлар билан битилган.

446042_680

Ампутантлар терма жамоамиз 1990, 1991, 2007, 2010, 2012 йилги жаҳон чемпионатларида ғолиб бўлган.

1998 йилги ёзги Осиё ўйинларида ҳамюртларимиз Мўғулистон терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 15 та гол уриб, энг йирик ғалабасига эришган.

1999 йили бош мураббий Маҳмуд Раҳимов қўл остида Ўзбекистон миллий терма жамоаси БААнинг Ал-Айн шаҳрида ўтказилган Осиё кубоги саралашида барча рақибларни енгиб, ўз тарихида биринчи маротаба ФИФА рейтингида 55-ўринга кўтарилди. Маҳмуд Раҳимов Осиё футбол конфедерацияси томонидан “Осиёда йилнинг энг яхши мураббийи”, деб топилди.

2007 йилги Осиё кубогида бош жамоамиз мазмунли ўйин намойиш этгани боис Рауф Инилеев ОФК томонидан “Осиёда йилнинг энг яхши мураббийи” сифатида эътироф этилди.

“Пахтакор” 2007 йили МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари етакчи жамоалари иштирокидаги “Ҳамдўстлик чемпионлар кубоги”да бош совринни қўлга киритган. Тошкентликларнинг кейинги йили ҳам финалга чиққани эътиборга молик.

Қолаверса, “Пахтакор” ва “Бунёдкор” Осиё Чемпионлар лигасида икки мартадан ярим финалда иштирок этган. “Шерлар” 2002-2003 ва 2004, “қалдирғочлар” 2008 ҳамда 2012 мавсумларда финал остонасигача келганди.

mitnyyb9fqiwfzzjjb0h

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига устозлик қилаётган Сервер Жепаровни 2008 ва 2011 йилларда ОФК “Осиёда йилнинг энг яхши футболчиси”, деб эътироф этган.

ФИФА рефериси Равшан Эрматовни бутун футбол олами тан олган! Эрматов мундиалларда 11 учрашувни бошқариб, мутлақ рекордчига айланган. Дастлаб Жанубий Африкада ўтказилган 2010 йилги дунё биринчилигида у бешта, 2014 йили Бразилия майдонларида тўртта, 2018 йили Россия мезбонлик қилган ЖЧда эса иккита ўйинда ҳакамлик қилган. Равшан Эрматов 2015 йили дунё миқёсидаги “Globe Soccer Awards” совринини қўлга киритгани эътиборга молик. Ҳамюртимиз ўзига ишониб топширилган клублар ўртасида жаҳон чемпионати финали, Осиё чемпионатлари ва қитъа чемпионлар лигаси финаллари, бошқа кўплаб мусобақаларда юксак савияда ишлаб, таҳсинга сазовор бўлган.

2011 йили Осиё клублари учун иккинчи рақамли мусобақасида Қаршининг “Насаф” жамоаси ишончли ўйин намойиш этиб, кубокка эга чиққан.

2012 йили 16 ёшли ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Дилшод Нуралиев бошқарувидаги терма жамоамиз чемпионликка эришган.

11020494

2013 йил 7 январь куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида Мираброр Усманов ФИФАнинг ҳалол футболни тарғиб қиладиган ва унга амал қиладиган федерацияга топшириладиган “Fair play” совринини қабул қилиб олганди.

2005-2017 йиллар мобайнида Ўзбекистон футболи раҳбари бўлган Мираброр Усмонов клубларнинг инфратузилмасига катта эътибор қаратганди. Эскириб қолган ареналар қайтадан таъмирланди, ўйингоҳи йўқ жамоалар учун стадионлар қурилди. Барча футбол майдонлари замонавий кўринишга келтирилди. “Бунёдкор” клуби учун юксак замонавий стандартлар асосида ўйингоҳ барпо этилди.

Шунингдек, вилоятларда ҳам ҳавас қилса арзигулик стадионлар бор. Қарши, Олмалиқ ва Намангандаги ўйингоҳлар шулар жумласидан.

unnamed_1

2015 йили Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби шарафини ҳимоя қилган ва Янги Зеландиядаги ЖЧда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида ажойиб ўйинлар кўрсатган Достонбек Ҳамдамов “Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси”, деб топилган. Унга ушбу номинацияда жамоадошлари Элдор Шомуродов ва Забиҳилло Ўринбоев рақиб бўлгани диққатга сазовор. Битта клубдан учта футболчи бундай номинацияда эътироф этилиши катта футболда кузатилмайдиган ҳодиса.

Футзал мамлакатимизда ўз мухлисларига эга. Футзал терма жамоамиз қитъа чемпионатлари ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида бир неча бор совриндорлар сафидан жой олгани, 2016 йил кузида жаҳон чемпионатида иштирок этганини фахр билан эсга олиш даркор.

2018 йили 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионатида терма жамоамиз ажойиб ўйин намойиш этиб, чиройли ғалабалар қозониб, бош совринни қўлга киритганди. “Пахтакор” клуби билан Ҳамдўстлик чемпионлар кубогида ғолиб чиққан Равшан Ҳайдаров орадан йиллар ўтиб, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Хитойдаги Осиё чемпионатида зафар қучди.

1024563422

Ушбу чемпионлик футболимиздаги ҳозирча охирги йирик ғалаба бўлиб турибди. Аммо ишонамизки, янада ёрқин хотиралар билан эслайдиган ғалабаларимиз ҳали олдинда.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)