Осиёнинг энг яхши спорт ташкилоти - Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси ҳақида нималарни биласиз?

Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси 2007 йилда ташкил этилган. Ўтган давр мобайнида ташкилот Халқаро паралимпия қўмитаси, халқаро федерациялар ҳамда миллий паралимпия қўмиталари билан фаол ҳамкорликда имконияти чекланган инсонлар ўртасида спортни янада ривожлантиришда улкан ишларни амалга оширди.

Миллий паралимпия ассоциацияси Ўзбекистон худудида имконияти чекланган спортчилар ўртасида турли даражадаги мусобақаларни ташкиллаштиради ва ўтказади.  Паралимпиячиларга республика ва халқаро миқёсидаги мусобақаларга тайёргарлик кўришда тўлиқ ва сифатли шароит яратиш ташкилотнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Паралимпия ғоялари ҳамда қадриятларини мамлакат ва бутун дунё бўйлаб тарғиб қилиш, давлат ва жамият эътиборини имконияти чекланган инсонларга қаратиш ҳам Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг асосий вазифасидир.

1

Ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг илк катта мусобақаси 2010 йил Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида ўтказилган Пара Осиё ўйинлари ҳисобланади. Ўшанда спортчиларимиз 1 та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза, жами 6та медални қўлга киритишган ва умумжамоа ҳисобида 18-ўринни эгаллашган.

Сўнгра паралимпиячиларимиз 2014 йил Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳри мезбонлик қилган навбатдаги Пара Осиё ўйинларида сезиларди ўсишга эришишди. Мусобақаларда 22та олтин, 5та кумуш ва 4та бронза, жами 31та медалга сазовор бўлган спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида 5-ўринни қайд этишди. Таъкидлаш керакки, ушбу Пара Осиё ўйинларида жами 44та мамлакат спорчилари иштирок этишган эди.

2

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 2016 йил Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида ўтказилган навбатдаги Паралимпия ўйинлари мамлакатимиз паралимпия тарихида янги саҳифа очди десак асло муболаға бўлмайди. Боиси, мусобақага 32 нафар спортчи билан ташриф буюрган терма жамоамиз делегацияси 8та олтин, 6та кумуш ва 17та бронза, жами 31та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллади. Эътиборлиси, айнан Рио майдонларида ўзбекистонлик спортчилар илк бор Паралимпия ўйинларида олтин медалларга сазовор бўлишди.

Яна бир эътиборга молий воқеа 2018 йил Индонезияда ўтказилган Пара Осиё ўйинларида қайд этилди. Аниқроғи, терма жамоамиз бу сафар ўз тарихида энг кўп спортчилар делегацияси билан ташриф буюрди. Ушбу Пара Осиё ўйинларида жами 53 нафар спортчимиз иштирок этди ва рекорд даражада – 75 та медаль қўлга киритди. Шуларнинг 33таси олтин, 24таси кумуш ва 18таси бронза медалларидир. Якунда терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 6-ўриндан жой олди.

3

Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси 2014 йил Осиёнинг энг яхши спорт ташкилоти деб топилган.

Шерзод Намозов (Дзюдо), Ўткир Нигматов (Дзюдо), Одилжон Турдиалиев (Дзюдо), Хуснитдин Норбеков (Енгил атлетика), Александр Свечников (Енгил атлетика), Нозимахон Қаюмова (Енгил атлетика), Фирдавс Мусабеков (Сузиш) ва Фотима Амилова (Сузиш) каби спортчилар миллий паралимпиямизнинг довруғини жаҳонга ёйишда муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!