Остонамизда дастлабки тур: "Етарли даражада кучая олмади, ОКМК икки карра кучли"
3 март куни Суперлиганинг дастлабки тур ўйинларига старт берилади. Мухлислар соғинган катта футбол остонамизда турибди. Ҳамма ўзининг севимли жамоасининг ўйинларини интиқлик билан кутишмоқда.
Чемпионат аввалида барча клубларда имконият бир хил бўлади. 1-турдан бошлаб ажойиб ўйинлар ва қизиқарли саргузаштлар кутаётганига ишонамиз. Биласиз, илк турдаги учрашувлар 3 кун давомида бўлиб ўтади. Мутахассислардан бири Баҳром Ҳайдаров 1-турдаги 7 та жуфтлик ҳақида ўз фикрларини қуйидагича билдирди.
3 март
“Пахтакор” – “Олимпик”
- Рости, бу ўйинда имкониятларни 70\30 “Пахтакор” фойдасига деган бўлардим. “Олимпик” клубига анча қийин бўлса керак. “Пахтакор” чемпионатга жуда яхши тайёргарлик кўрди. Чемпион жамоада имконият катта деб ўйлайман.
“Металлург” – “Нефтчи”
- “Металлург” четга чиқмасдан шу ерда тайёргарлик кўрди ва кўпчилик бошқача фикрлаши мумкин. Лекин бу жамоани ўз майдонида ўйнашини ҳисобига имкониятларни 50\50 сифатида баҳолайман. Иккала жамоа ҳам яхши таркиб йиғишга ҳаракат қилди.
4 март
“Сўғдиёна” – “Бунёдкор”
- “Сўғдиёна” минимал ҳисобда ғалаба қозонса керак. Сабаби, “Бунёдкор” етарли даражада кучая олмади. Жамоага янги қон кириб келяпти. “Сўғдиёна”да асосий пойдевори кучли жамоа. Бунинг устига ўз майдонида ўйнашади. Бу нарса уларга қўл келиши мумкин.
“Насаф” – “Андижон”
- Бу жуфтликда “Насаф” мезбон. Фикримча, майдон эгалари ютса керак. Имкониятларни 70\30 дейишим мумкин. Чунки “Насаф” ўзи кучли жамоа. Яқинда Осиё Чемпионлар лигасида ўйнаб ютқазди. Ўша мағлубиятдан кейин бу сафар чемпионатни ғалаба билан бошлаш учун астойдил ҳаракатда бўладилар. “Андижон” жамоасини ҳали яхши билмаганим учун улар ҳақида ҳозирча аниқ фикр билдира олмайман.
“Навбаҳор” – “Қизилқум”
- “Навбаҳор” доимгидек чемпионлик учун курашади. Катта устунлик наманганликлар тарафида бўлади. Чунки таркиби ҳам, ўйини ҳам “Навбаҳор”да кучли. Ушбу учрашувда “Қизилқум”га жуда қийин бўлади.
5 март
“Сурхон” – ОКМК
- 40\60 ОКМК фойдасига дея оламан. “Сурхон”да яна анча ўзгаришлар бўлди. Таркиби кўпроқ ёшлар билан тўлдирилди. Уларда ҳаяжон бўлади, уни енгиш осон бўлмайди. Тўғри, қишда бир-иккита яхши ўйинчиларни олишди. Солиштирсак, ОКМК икки карра кучли.
“Турон” – “Бухоро”
- Яхши ўйин бўлади. Менимча, “Турон”да ғолиб чиқиш имконияти 60\40. “Бухоро” унчалик катта ўзгариш қилмади. “Турон” кучлироқ ва ўз уйида ўйнаяпти.
Фикрлар