Отабек Шукуров: Футбол ўйнамадик!
Кеча Жаҳон чемпионати саралаши 1-туридан ўрин олган Туркманистон - Ўзбекистон учрашуви бўлиб ўтди. Унда ҳамюртларимиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Биринчи бўлим якунида Туркманистон терма жамоасининг 4-рақамли футболчиси Мейлис Дурдиев дарвозамизнинг яқин бурчагини аниқ нишонга олиб ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимда вакилларимз кетма-кет ҳужум уюштирди. 57-дақиқада термамиз сардори Элдор Шомуродовнинг узатмасидан сўнг Отабек Шукуров ўйинда мувозанатни тиклаган бўлса, 77-дақиқада Шукуров дублни расмийлаштирди. Бу голга ҳам Шомуродов ассистентлик қилди. Учрашув сўнгида Шукуровнинг супер пасидан кейин Шомуродов ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилди - 1:3.
Беллашувдан сўнг терма жамоамиз бош мураббийи Сречко Катанец ҳамда Отабек Шукуров матбуот анжумани иштирок этди. Қуйида ярим ҳимоячимизнинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин:
- Ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Биз ҳарактер кўрсатдик. Мураббийимиз айтганидек, охирги иккита мундиал саралашининг 1-турида сунъий майдонда тўп тепиб, мағлуб бўлганмиз. Бугун ҳам илк таймда мағлуб бўла туриб, якунда ғалаба қозонганимиз ҳарактер билан боғлиқ. Шу фактор туфайли 3 очко қўлга киритдик.
- Футболчи сифатида гапирсам, бунақа майдонда футбол ўйнаб бўлмайди. Шунингдек, бу футболчини соғлиги учун ҳам хавфли. Қайси ташкилот бўлса ҳам ўйинчиларнинг соғлигини ўйлаши лозим. Тўғри, шароит қандай бўлишидан қатъи назар, бу ерда ватан шаъни турганди. Шундай бўлса ҳам табиий майдонда ҳамма маза қилиб футбол ўйнарди. Бироқ бугун (ўйин куни айтилган фикр) футбол ўйнамадик.
Фикрлар