Отабек Шукуров: Олдимизга қўйилган вазифани гапириб эмас, майдонга чиқиб исботлашимиз лозим
Бугун Осиё кубоги иккинчи туридан олдин Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Ҳиндистонга қарши ўйини олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Отабек Шукуров ҳам иштирок этди.
- Биз иккинчи ўйинга тайёрмиз. Биринчи турда дуранг ўйнадик, лекин ютқазмадик. Сурия тартибли ўйнади. Чунки уларда ҳам яхши мураббий ишлаяпти. Купер бизда ҳам ишлаган. Лекин кейинги турларда ғалаба қозонамиз, деган умиддаман.
Ҳиндистонни ўрганишда давом этяпмиз. Биринчи учрашувни кузатдик. Жуда ҳам тартибли жамоа, муносиб рақиб, яхши ўйин бўлади. Ўзимизнинг имкониятлардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
Терма жамоадаги ҳар бир баҳс жуда муҳим. Чунки ортимизда ота онамиз, халқимиз туради. Олдимизга қўйилган вазифани гапириб эмас, майдонга чиқиб исботлашимиз лозим, - деди Отабек Шукуров.
Фикрлар