Отабек Шукуров: “Урал” ва “Анжи”дан таклиф бўлган, аммо...
Ads

Отабек Шукуровни ёрқин келажак кутяпти деб кўп гапиришади. “Бунёдкор”даги ўйинлари орқали унинг имкониятлари катта эканлиги намоён бўлганди. Қолаверса, у миллий терма жамоа сафида ҳам аста-секин ўз ўрнига эга бўлиб боряпти. Унинг савияси ўсиб бораётгани учун легионер сифатида хорижда тўп суриши кутилаётганди. Натижада Шукуров фаолиятини БААнинг “Шаржа” жамоасида давом эттиришга қарор қилганди. Мана, ярим йилдирки, у амирликларнинг чемпионатида тўп суриб келмоқда. Ёзги танаффус юзага келгани боис футболчи яқинда уйига қайтди. Биз эса бундан фойдаланган ҳолда Отабек билан суҳбатлашдик. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, у ўз жамоасининг асосий футболчиларидан бирига айлана олди.

- Легионер бўлиб ўйнаш жуда ҳам ёқимли. Мен бундай даражада тўп суришни ниҳоятда хоҳлагандим, - дея гап бошлади, Шукуров.

- Тўғри, БААга борганимда бошида мен учун оз-моз қийинчиликлар бўлди. Айниқса, тил ва муҳит бўйича. Лекин аста-секин кўникиб бордим. Ҳаммаси фақат ўзингизга боғлиқ. Бунинг учун вазиятга доим тўғри ёндашиш керак.

- БАА чемпионатида анча йилдан бери фаолият олиб бораётган Азиз Ҳайдаров сизга катта ёрдам кўрсатди деб эшитгандик...

- Ҳа, тўғри. Азиз Ҳайдаров менга қўлидан келганича барча ёрдамни кўрсатди. Керакли маслаҳатларини берди. У ердаги муҳит, маҳаллий чемпионат ва ҳар бир жамоа ҳақида менга атрофлича маълумотлар берди. Бир сўз билан айтганда, Азиз ака ҳар томонлама менга катта ёрдам кўрсатди. Бунинг учун Ҳайдаровга миннатдорчилик билдираман. Яна бир гап: “Шаржа” клубига борганимда у ердагилар мени жуда илиқ кутиб олишганди. Шу боис ҳам у ердаги қийинчиликларни енгиб ўтиш ва жамоага мослашиб кетиш мен учун енгил кечди деб ўйлайман.

- Айтинг-чи, у ерда сизни ёқимли маънода ажаблантирган ҳолатлар ҳам бўлдими?

- Мени ҳайрон қолдирадиган нарсалар кузатилмади. Фақат мени бир жиҳат ҳайрон қолдирди. У ердаги машғулотлар ва ўйинлар жараёнида футболчилар индивидуал жиҳатдан кучли эканлар. Айнан шу томони мени ажаблантирди. Маҳаллий ўйинчилар ҳам, легионерлар ҳам индивидуал жиҳатдан менда катта таассурот қолдиришди. Тўғриси, олдинлари БААда бунчалик деб ўйламагандим. Шунингдек, “Шаржа”га борганимдан сўнг жамоам билан ғалабалар қозондик ва шу жиҳат ҳам менинг у ерга кўникишимга янада катта туртки берди.

- Айни пайтда таътилни ўтказиш учун уйга келдингиз. Бу ерда вақтингиз қандай ўтяпти?

- Дам олиш жараёни жуда яхши ўтяпти. Оилам билан биргаман. Бу ерда қиладиган айрим ишларим бор эди. Масалан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини битирдим. Яқинда диплом ишимни якунладим. Қолаверса, ҳар бир кунимда ҳам ўзим учун машғулот олиб боряпман. Яқинда “Бунёдкор” жамоасига қўшилиб спорт формамни сақлаб туриш учун шуғулланиб турмоқчиман. Кўпроқ оилам даврасида вақт ўтказишга ҳаракат қиляпман.

- “Бунёдкор”ни тарк этиб “Шаржа” клубига йўл олганингизни ҳар ким турлича талқин қилди. Лекин кўпчилик сизни янада кучлироқ чемпионатга кетишингизни кутишганди. Умуман айтганда, бу сиз учун ҳар томонлама тўғри қарор бўлганига ишончингиз комилмиди?

- Ҳозиргача буни тўғри қарор деб ҳисоблайман. Тўғри, менга бошқа чемпионатлардан вариантларим бор эди. Нима учун БААни танладим? Азиз Ҳайдаровнинг маслаҳатига қулоқ солдим. Қолаверса, “Шаржа” клуби бош мураббийи мени ҳурмат қилиб, ишонч билдириб, таклиф қилгани учун ҳам ушбу жамоани танладим. БАА чемпионати мен учун легионер сифатидаги биринчи қадам ва бу менга катта тажриба бўлади деб ўйлайман. Бунинг устига бир ярим йил давомида ушбу чемпионатда тўп суриб ўзимни футболчи сифатида реклама қилишим учун ҳам яхши имкониятдир. Бу кейинги фаолиятим учун менга трамплин бўлади. Одамлар БАА чемпионати ҳақида ҳар хил фикрлар билдириши мумкин. Аммо шахсан мен учун бу кучли биринчилик. Бундан ташқари, у ердаги ҳар бир жамоанинг ўйини легионерларга боғлиқ. Шунинг учун клубларда доим легионерлар лимити тўла бўлади. Бизнинг клубда ҳам ҳамма нарса фақат легионерларга боғлиқ. У ерда масъулият сизнинг зиммангизда эканлиги, ғалаба учун янада кўпроқ меҳнат қилишингиз кераклиги, буларнинг ҳаммаси сизни янада кучли қилади.

- “Бунёдкор”да ажойиб авлод етишиб чиқди. Масалан сиз билан бирга ўйнаган дўстларингиз – Элдор Шомуродов “Ростов”га, Достон Ҳамдамов эса “Анжи”га кетди. Шулардан келиб чиқиб сизнинг ҳам имкониятингизни юқори баҳолашганди. Уларга ҳавасингиз келяптими?

- Ҳар бир футболчининг ҳаёти фақат ўзиники. Футболчи доим ўз ўйинларини таҳлил қилиб боради. Менга ҳам Россия чемпионатидан таклифлар бор эди. Лекин ўша вазиятдан келиб чиққан ҳолда менинг энг тўғри қарорим “Шаржа” билан боғлиқ эди.

- Айнан Россиянинг қайси клубларидан таклифлар бўлганди?

- “Урал” ва “Анжи” жамоаларидан таклифлар бўлган. Кейинчалик, Қатар, Саудия Арабистони клубларидан ҳам аниқ чорловлар келиб тушганди.

- “Бунёдкор”ни бугунги кунга келиб қийинчиликлар ўраб олган. Менимча, сиз ҳам собиқ жамоангизга бефарқ эмассиз...

- “Бунёдкор”нинг ҳамма ўйинларидан тортиб ички муҳитигача кузатиб боряпман. Мураббийлар ва футболчилар билан ҳар куни алоқадаман. Албатта, “Бунёдкор”нинг ҳозирги аҳволи жуда ачинарли. Лекин у ерда иш жараёни жуда тўғри йўлга қўйилган. Мен ўйнаётган пайтда ҳам вазият оғирроқ эди. Аммо Миржалол Қосимов ҳозиргача йигитларни тўғри йўналишда ўйнатиб келяпти. Иқтисодий томондан катта муаммолар бўлса ҳам жамоа ўзини йўқотиб қўймаяпти. Бундай пайтда ҳаммаси мураббийга боғлиқ. Миржалол ака жамоани руҳлантириб, ўйинни ташкиллаштирган ҳолда яхши натижалар кўрсата оляпти. Шунингдек, Ўзбекистон клублари орасида “Бунёдкор”нинг ўйини анча яхши шаклланган деб ҳисоблайман. Чунки мен Суперлигани ҳам кузатиб боряпман. Миржалол Қосимовнинг хизматлари жуда катта. У ердаги ички муҳитни яхши билганим учун шундай деяпман. Умид қиламанки, эрта-индин жамоадаги вазият ижобий томонга ўзгаради. Бу эса “Бунёдкор” ва ўзбек футболи учун ҳам катта ютуқ бўлади. Шу ўринда мен ҳам “Бунёдкор” жамоасига раҳмат айтмоқчиман. Клуб академиясидаги инсонларга, клуб раҳбариятига, мураббийлар штабига, умуман бизга ёрдам берган ҳар бир инсонга миннатдорчилик билдириб ўтаман.

- Фаолиятингизга катта таъсирини кўрсатган мураббий деб кимни айтган бўлардингиз?

- Битта мураббийни кўрсатиб ўтмоқчи эмасман. Доим қаерда бўлишимдан қатъий назар ўша жойларда менга ёрдам кўрсатишган ва ўзимга керакли жиҳатларни ўрганиб борганман. Мен билан бирга ишлаган мураббийларга ва оила аъзоларимга катта раҳмат айтмоқчиман. Мен учун ҳам мураббий, ҳам энг яқин инсоним сифатида дадамга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Керакли пайтда танқид қилади, керак пайтда тўғри тушунтиради.

- Сизни доим кузатиб борамиз. “Машъал” академиясидан етишиб чиқдингиз. Кейинчалик ушбу клубда ўйнадингиз. “Бунёдкор”га ўтганингизда эса бу фаолиятингизда олдинга силжиш бўлди. У ердаги фаолиятингиз орқали миллий терма жамоа даражасигача кўтарилдингиз. Шундан сўнг легионер мақомига айланганингизда бу сиз учун яна бир олдинги ташланган қадам бўлганди. Энди Отабек Шукуровнинг “Шаржа”дан кейинги бекати қаерда ва қандай кўринишда бўлади?

- Ёшлигимдан кучли чемпионатда ўйнашни хоҳлайман. Мен учун клубнинг номи ёки пул кейинги масалалар. Биринчи навбатда футболдаги имиджимни доим юқори ўринга қўяман. “Шаржа” жамоаси билан 1,5 йиллик шартнома имзолаганман ва унинг яна бир йили бор. Мана шу бир йил мен учун катта имконият. Насиб бўлса, шу вақт давомида БАА чемпионатини ҳам енгиб ўтиб, у ердан Европанинг бирор-бир кучлироқ чемпионатига йўл олишни жуда истайман. Футболчи учун оғир нарса – бу захирада ўтириш. Мен эса буни хоҳламайман. Россиями, Туркиями ёки кучли бешталикдаги чемпионатлардан бирида фаолиятимни олиб боришни ният қиламан. Ҳозиргача хориждаги агентлар билан доимий алоқадаман. Улар мени кузатиб боришяпти.

- Демак, олдинда турган бир йил сиз учун чинакам имтиҳонга айланар экан-да?

- Ҳа, шундай. Мен бу имкониятдан максимал даражада фойдаланишим керак. Янада юқори даражага кўтарилишим учун бу менга берилган имконият деб ҳисоблайман.

- “Бунёдкор” билан “Шаржа”да ўйнашнинг фарқи нимада экан?

- БАА чемпионати жуда қизиқарли. У ердаги ҳар бир ўйин муросасиз. Масалан, бизда етакчиларнинг ғалаба қозониш имконияти кўпроқ бўлса, у ерда бунинг акси. Чунки боя айтганимдек, у ердаги ҳар бир жамоада тўрттадан легионер бор ва кучли ўйинчиларга эга. Уларнинг ўйини қовушса, демак жамоаси ютади. БААлик футболчилар ҳам бемалол 2-3 та рақибини алдаб ўта оладилар. Бизга нисбатан улар тезкор ўйнашади. Тўғри, Ўзбекистонда жамоавий ўйин кучлироқ. БААда эса индивидуал жиҳатдан ўйинчилар кучли.

- Сиз “Бунёдкор”да жамоавий ўйин асосида шаклланган футболчи эдингиз. БААга борганда мазкур ҳолат бўйича қийналмадингизми?

- Бу гапим билан у ерда жамоавий ўйин йўқ демоқчи эмасман. Масалан, бизнинг чемпионатда ҳужумчилар ёки ҳужумкор футболчиларнинг ўйинни ўз зиммасига олиш қобилияти пастроқ. БААда эса буни жуда яхши назорат қила оладилар. Масалан, охирги дақиқаларда гол уриб кетиш жуда осондек кўринади.

- У ерда ҳужумчимиз Игорь Сергеев ҳам бор эди ва у “Ал Дафра”да ўйнади. Адашмасам, у 10 та ўйинда бор йўғи 1 та гол урди. Шунчаки, боя гол уриш осондек кўринади деганингиз учун айтяпман...

- Сергеев ҳақида бир нима деб гапира олмайман. Чунки унинг ўйинларини кўп кузата олмадим. Биз билан ўйинда ҳам Игорь майдонга тушгани йўқ. Рости, у ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман.

- Жаҳон чемпионатини кузатиб боряпсизми?

- Ҳа. Бразилия ва Аргентинага мухлислик қиляпман. Испания – Португалия ўйини ҳам менга жуда ёқди. Лекин 1-турдан кейин бирор нима дейиш қийин. Чунки доим ҳам дастлабки турлар жамоалар учун оғир кечади. Ўйиндан-ўйинга кучайиб борган термалар чемпионликка даъвогар бўлишади.

- Ушбу жаҳон чемпионати ҳам миллий терма жамоамизсиз ўтяпти. Энди эса бизда ҳам жиддий қадамлар ташланяпти, катта ўзгаришлар кузатиляпти. Янгиланаётган терма жамоамиз ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Миллий термамизнинг жаҳон чемпионатида иштирок эта олмаётгани мен учун ҳам аламли. Ҳозиргача бу ҳақида ўйласам ўзимда ёмон нарсаларни ҳис қиламан. Тўғри айтдингиз, футболимизда катта ислоҳотлар бўляпти. Футболнинг ривожланиши учун улкан ҳажмдаги ишлар олиб бориляпти. Мен ҳаммасини кузатиб боряпман. Ҳозирги кунимиздан Қатарда бўладиган мундиал ҳақида ўйлаб, максимал имконият билан ишлашимиз лозим.

- Терма жамоамизни қайси мураббий бошқаришини истаяпсиз?

- Бу ҳақида аниқ маълумотим йўқ. Лекин ҳар хил гап-сўзлар бўляпти. Менимча, раҳбарият жаҳон чемпионатидан кейин бу масалага ойдинлик киритади. Шуни хоҳлардимки, ўзбек футболидан келиб чиққан ҳолда тактик схемаларни танлайдиган мураббий келса яхши бўларди. Мен ўзбек футболидаги муҳитни бежизга назарда тутаётганим йўқ. Хоҳлаймизми-йўқми, биз бразилияликлар сингари кучли техникага эга эмасмиз. Бизда нима кучлироқ? Тактик футбол ва биз ақллироқ ўйин кўрсатамиз. Айнан шу жиҳатларимиздан келиб чиқиб тактикалар танланса бемалол жаҳон чемпионатига чиқсак бўлади деб ўйлайман.

- Фараз қилинг, олдимизда иккита номзод турибди. Карлос Кейруш ва Берт ван Марвейк. Сиз кимни танлаган бўлардингиз?

- Иккаласи билан бирга ишламаганман. Муҳими, қайси бири бўлишидан қатъий назар жаҳон чемпионатига чиқсак бўлди.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.