Ов мавсуми: ёзда ўз жамоасини тарк этадиган ёш истеъдодлар
Коронавирус туфайли юзага келган иқтисодий инқироз, шубҳасиз жамоаларнинг трансфер имкониятларига таъсир кўрсатади. Лекин бу ёзда ва қишда йирик трансферлар бўлмайди дегани эмас. Ёш иқтидорлар доимо Европа грандлари эътиборида бўлишган. Шундай экан жамоалар кўзлаган футболчиларини қўлга киритиш учун ҳар қандай имкониятини ишга солишади.
Трансферларда футболчиларнинг ўзлари ҳам охирги ролни ўйнашмайди. Баъзи футболчилар жамоаларида қолишни афзал билишади. Бу футболчилар юқори даражага чиқишлари учун уларнинг агентлари тинмай ҳаракат қилишади. Шу ўринда грандлар ҳам истеъдодли футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий таклифлар беришади. Ҳозир сизга келаётган трансфер ойнасида харидори кўп бўладиган истеъдодли футболчилар ҳақида маълумот берамиз.
Жейдон Санчо
“Боруссия Дортмунд” футболчиси ушбу мавсумда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти. Англия нашрлари ишонч билан футболчининг ўз юртига қайтиши ҳақида ёзмоқда. Санчо учун номзодлар “Челси” ва “Манчестер Юнайтед” жамоалари. Иккала жамоа ҳам футболчини ўз сафига қўшиш учун жиддий ҳаракат қиляпти. Индепендент нашрининг хабарига кўра, “Манчестер Юнайтед” Санчога 7 рақам ва ҳафтасига 400 минг фунт ваъда қилмоқда. Лондоннинг “Челси” жамоаси эса Фрэнк Лэмпард талабига кўра, футболчини олиб келишни режалаштиряпти.
“Манчестер Сити” ҳам ўз тарбияланувчисини қайтаришга қарши эмас. Аммо футболчининг ўзи “шаҳарликлар” таркибига қайтишни истамаса керак. Жейдон “Манчестер Юнайтед” ёки “Челси”ни танлайди. Миш-мишларга қараганда, футболчи “Қизил иблислар” таркибига бориб қўшилмоқчи. Лекин бу ерда “МЮ”нинг Чемпионлар Лигасига чиқиш ёки чиқмаслиги асосий фактор бўлиб хизмат қилади. Агарда манчестерликлар Чемпионлар Лигасига чиқа олишмаса, футболчи бу жамоага ўтмаслиги ҳам мумкин.
Санчонинг “Боруссия” билан шартномаси 2022 йилнинг ёз ойигача мўлжалланган. Дортмундликлар яқин вақтлар ичида жуда кўп юлдуз футболчиларидан айрилишига тўғри келди. Коронавирус билан боғлиқ вазиятларга қарамасдан раҳбарият футболчини белгиланган нархда сотиш ниятида. “Боруссия” футболчи учун 110 млн евро нарх белгилаган. “Челси”нинг бу трансферни амалга ошириш имконияти пастроқ бўлишини тахмин қилсак, “Манчестер Юнайтед” бемалол бу нархни тўлай олади.
Кай Хаверц
“Байер” ярим ҳимоячиси учун бир қанча жамоалар, жумладан, “Бавария”, “Ливерпуль”, “ПСЖ” ва “Барселона” жиддий қизиқиш билдирмоқда. Асосий даъвогар эса Германия чемпиони. “Бавария” ички трансферлар бўйича етакчи ҳисобланади. Мюнхенликлар доимо Бундеслигада порлаган иқтидорларни ўз сафига қўшиб олиш учун ҳаракат қилишади. Кай ҳам гранд жамоалар эътиборига тушишга лойиқ футболчи. 20 ёш бўлишига қарамасдан, “Байер”нинг етакчи футболчиларидан бири ҳисобланади.
Германиялик журналист Николо Скирининг сўзларига кўра, “Бавария” футболчи учун йилига 8 млн евролик 5 йилга мўлжалланган шартнома таклиф қиляпти. Хаверц эса ҳозирча ўз жавобини айтгани йўқ.
Миш-мишларга кўра, футболчи ўзини Германиядан бошқа мамлакатларда синаб кўрмоқчи. Лекин “ПСЖ”, “Ливерпуль” ва “Барселона” ҳозирча футболчи учун аниқ таклиф билан чиқишгани йўқ.
Хаверцнинг “Байер” билан шартномаси 2022 йилнинг ёзида ўз ниҳоясига етади. Трансфермаркт футболчини 90 млн еврога баҳолаган. Аммо “Байер” мураббийи Петер Бош Кайни 100 млн евродан кам пулга сотмаслигини айтиб ўтди. Шу ўринда мураббий футболчи ёзги транфлерларда жамоани тарк этиши мумкинлигини ҳақида ҳам гапириб ўтди.
Футболчи учун, ҳаттоки “Бавария” ҳам 100 млн евро тўламайди. Лекин мюнхенликлар мураббийи Ханс-Дитер Флик футболчининг иқтидорига тан берган ва раҳбариятдан Кай Хаверцни жамоага олиб келиш талабини қўйиши мумкин.
Ашраф Ҳакими
Бундеслига – истеъдодлар макони. “Боруссия Дортмунд” келаётган ёзда икки нафар ёш ва истеъдодли футболчисидан айрилиши мумкин. Санчо яна бир мавсум жамоада қолиши мумкин. Аммо Ҳакими “Боруссия”ни тарк этиши аниқ. Футболчининг ижара муддати якунига етяпти. Ашраф Ҳакими “Реал Мадрид”га тегишли футболчи, “Реал” эса футболчига ўз таркибидан ўрин ажратмоқчи.
21 ёшли Ҳакими Бундеслигада энг яхши чап қанот ҳимоячиси ҳисобланади. Ушбу мавсумдаги барча мусобақаларда Ашраф 7 та гол урди ва 10 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Мадридликлар эса футболчининг муваффақиятини кузатиб турибди ва уни дарҳол жамоага қайтармоқчи.
Ҳакимига яна бир қанча жамоалар қизиқиш билдиряпти. “Челси”, “ПСЖ”, “Ювентус” шулар жумласидан. Парижликлар Ашрафни жамоани тарк этмоқчи бўлаётган Тома Меньега ўринбосар сифатида кўраётган бўлса, туриндагилар “янги Дани Алвеш” деб ҳисобламоқда. “Челси” футболчини ижара асосида ўз сафига қўшиб олмоқчи. Ҳакимининг “Реал” билан шартномаси 2022 йилгача мўлжалланган. Айни дамда мадридликлар футболчини сотиш вариантини кўриб чиққани йўқ. Балки, Зидан Ашрафни яна бир-икки мавсум ижарага бериб юбориши ҳам мумкин. Агар шундай бўлса, Ҳакими Бундеслигага қайтиши ёки “Челси”га ўтиши мумкин. Футболчининг ўзи эса мадридликлар сафида тўп суришни хоҳлаяпти.
Донни ван де Бек
“Аякс” ярим ҳимоячиси ўтган мавсумда Амстердамни тарк этиши мумкин эди. Гарэт Бэйл Хитойга кетса, “қаймоқранглилар” футболчини қўлга киритиш учун етарли маблағга эга бўларди. Аммо Бэйл Хитойга бормади ва ван де Бек ҳам Амстердамда қолди.
Мarca нинг хабарига кўра, томонлар ўртасидаги келишув ҳали ҳам ўз кучида. “Реал” футболчи учун 55 млн евро тўлашга рози. Ярим ҳимоячи ҳам Мадридга ўтишга қарши эмас.
Ван де Бек иккинчи маротаба ҳам “Реал”га ўта олмай қолиш эҳтимоли ҳам бор. Шундай бўлган тақдирда, “МЮ” ва “Ювентус” футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун курашга қўшилади. Англияликлар италияликларга қараганда жиддийроқ қизиқиш билдирмоқда. Лекин футболчини ўз сафига қўшиб олиш учун кеч бўлди, “Реал” футболчи билан келишиб олган.
Келаси мавсумдан Донни ван де Бек мадридликлар сафида бошлаши мумкин. Футболчининг “Аякс” сафида қолмаслиги тобора ойдинлашиб боряпти.
Фикрлар