"Ўйиним ёқмаётган бўлса, бугуноқ кетишга тайёрман". Оғир кунларни ўтказаётган Қувондиқ Рўзиев Жалиловнинг гапидан сўнг "ёрилди" ёхуд официантликдан миллионларгача!
“Навбаҳор” клуби Тошкентда “Пахтакор”га қарши ўйинда гарчи гол ура олмаган бўлса ҳам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Ушбу ўйинда наманганликларнинг асосий футболчиларидан бири Қувондиқ Рўзиев кутилмаганда биринчи бўлимнинг 39-дақиқасида мураббийлар томонидан захирага олинди. Учрашувдан кейин “Навбаҳор” бош мураббийи Виктор Жалилов Рўзиев ҳақида фикр билдирар экан, уни ўйин темпига улгура олмагани ҳақида гапирди.
Шундан кейин Sports.uz мухбири Қувондиқ билан боғланди. Айтиш керакки, футболчи ўйин ва ўзини захирага олингани ҳақида муносабат билдиришдан ташқари қалбида тўпланиб қолган яна бошқа муҳим гапларни ҳам айтди. У ҳали ҳеч қаерда айтмаган...
“Ғалаба қозонмаган бўлсак ҳам бир очко билан қайтганимиз яхши бўлди”
- Учрашувга келсак, бир томондан қараганда, ҳисоб қониқарли бўлди. “Пахтакор” майдонидан очко олдик. Иккинчи томондан, турнир жадвалига қарайдиган бўлсак, бизга ғалаба керак эди. Ғалаба қозона олмаган бўлсак ҳам очко билан қайтганимиз яхши бўлди. Бу жамоага руҳий томондан катта таъсир қилади. Кейинги учрашувларда бундан ҳам яхшироқ ўйнашимизга туртки бўлади. Чунки чемпион жамоа майдонидан очко олиш осон иш эмас. “Пахтакор”дек ҳужумкор жамоадан гол ўтказмасдан деярли тенгма-тенг курашиш албатта “Навбаҳор”га руҳий тарафдан ижобий таъсир қилади.
“Биргина вазият ҳаммасини тубдан ўзгартириб юборди”
- Ўша 30-дақиқада пенальти белгиланиб, сўнг ВАРга мурожаат қилиб бекор қилинган вазиятда мен шерикларимга пас узатишда хатога йўл қўйдим ва рақиб қарши ҳужумда пенальти ишлади. Ўша ҳолатда мураббийлар менга кескин тарзда эътироз билдирди. Захирадаги ўйинчига мурожаат қилиб, тайёрланишини айтганида, мени алмаштиришларини сезиб турганман. Эътибор берган бўлсангиз, унгача ёмон ўйнамаётгандим. Эхсони зарба берганида ҳам унга мен тўпни узатгандим. Тўп дарвоза тўсинига тегди ва бу жамоамизнинг энг хавфли ҳужуми эди. Менимча, ундан ташқари ҳам бир неча вазиятларда фаол иштирок этгандим. Аммо биргина вазият ҳаммасини тубдан ўзгартириб юборди. Биргина хато учун мени кескин тарзда жазоладилар, десам ҳам бўлади.
“Мураббий фаолиятимга қаттиқ таъсир қилишини ўйламасдан гапириб юборди”
- Мураббийнинг мени ўйин темпига қўшилиб кета олмади, деган гапига келсак, билмадим, мен у ёшдан ўтган бўлсам керак. Чунки футболни энди ўйнаётган ёш бола эмасман. Ўйинни такроран кўрган одамлар бунга амин бўлишади. Ўз позициямда ўйнамаётган бўлсам ҳам, мураббийларнинг кўрсатмаларини қўлимдан келганича бажаришга ҳаракат қиляпман. Ҳозир айтиб ўтганимдек, мен ўйин темпига туша олмаслик ёшидан ўтганман. Лекин мураббий шундай фикр билдирибди, демак, унинг фикрига қўшиламан. Мураббийнинг гапи биз учун қонун. Ўша вазиятдан кейин мени чап қанотга олишди ва ёнига чақириб, тўпни оддий вазиятда йўқотмаслик керак эди, дея қаттиқ гапирди. Шунда мен мураббийга агар ўйиним ёқмаётган бўлса, алмаштиришини айтдим. Чунки ўйиним маъқул келмаётган ва жамоага қийинчилик туғдираётган бўлсам, шунчаки қўлимни кўтараман, таслим бўламан ва майдондан чиқиб кетаман. Аммо мен доим ўзимга ишонаман. Қайси клубларда ўйнаган бўлсам ҳам қўлимдан келганича меҳнат қилганман, майдонда 100 фоиз кучимни берганман. Ўйин темпига туша олмаслик ёки футболда қўрқиб ўйнаш – бу менинг табиатимда йўқ. Ҳатто, жароҳатланган пайтларимда оғриқ қолдирувчи уколлар ёрдамида майдонга чиқиб, кучим борича ўйнаганман. Характеримни ҳар қандай мураббий яхши билади. Ўйиндан кейин рости, ухламай чиқдим. Уйдагилар хавотир олишди. Оёғингга нимадир бўлдими, деб сўрашди. Чунки жароҳатим билан ўйнаяпман, уколлар ёрдамида. Ўзимни позициямга қўймаётгани учун эътирозим йўқ. Менимча, мураббий ўйин темпига туша олмади, дея бу футболчининг фаолиятига қаттиқ таъсири қилишини ўйламасдан гапириб юборди. Майли, айтиб ўтганимдек, мураббийнинг гапи мен учун қонун. Фақат битта нарсани айтаман: нима бўлишидан қатъи назар, ҳар доим жамоам учун жонимни бериб ўйнаганман. Буни футболчилар ҳам, керак бўлса рақиб ўйинчилари ҳам билади. Худога шукр, кимдан сўрасангиз ҳам мен ҳақимда ёмон гап айтмайди. Ўйиним ўхшамаса, майдонда бошқа томондан жамоамга ёрдам беришга ҳаракат қилганман. Пешонамизга шу кунлар ҳам ёзилган экан.
“Сизни журналистликдан ошпазликка ўтказса қандай бўлади?”
- Гапнинг очиғи, ҳозир фаолиятимдаги энг оғир кунларни ўтказяпман. Ҳали бундай вазиятга ҳеч қачон тушмаганман. Лекин мен бундай вазиятлардан чиқиб кетишга қодирман. Ёнимда ота-онам, оила-аъзоларим далда бўлиб туришибди. Қандай даражадаги ўйинчилигимни исботлайдиган кунлар ҳам келади. Шунчаки, менга вақт керак. Мухлислар мени эсдан чиқариб қўйишмасин. Мен бундан-да кучли бўлиб қайтаман. Юз берган ишлар менга мотивация беради, кучлироқ бўлишимга ундайди. Битта хато билан кескин жазолаш нотўғри. Яна қайтараман: мен ўзимнинг жойимда ўйнамаяпман, қанотга қўйяпти. Лекин футболчи қайси позицияда бўлса ҳам ўйнаши керак. Сиз журналистсиз. Агар журналистликдан ошпазликка ўтказиб қўйса, қандай бўлади? Бу ҳам худди шунақа. Футболда ҳамманинг ўз позицияси бўлади. Марказий ярим ҳимояда ўйнаб, Қўқонда озроқ бўлса ҳам эътиборга тушганман. Шунинг учун ўзимни ҳар доим марказда кўрганман.
“Бу ерда инсон сифатида ўсишга эришдим”
- “Навбаҳор” жамоасига ўтишимнинг ўзи қийин жараён бўлганди ва бу ҳозиргача давом этяпти. Мени чақирган мураббийнинг биринчи турдаёқ алмашиб кетиши, трансфер ҳақидаги ҳар хил хабарлар...Шунинг учун ҳам жамоага мослашиб кетишим қийин бўляпти. “Навбаҳор”га ўтаётганимда кўпчилик бу клубнинг босимига ва ўйинига мослашишинг қийин, яхшилаб ўйлаб кўр, дейишганди. Ҳар доим ўйлардим, “Навбаҳор”нинг ўйинларида стадион тўла мухлислар, қанақа қилиб бу клуб турнир жадвалида ўртамиёна ўринларда юриши мумкин? Ахир ашаддий ишқибозлар қаршисида тўп суриш мазаку, бу футболчиларга қўшимча мотивация, завқ ва куч беради, деб ўйлардим. Лекин бу нарсанинг ўзига яраша қийинчиликлари бор экан. Ҳазм қилишим озроқ қийин бўляпти. Бу ерда футболчи сифатида ўсмаётган бўлсам ҳам инсон сифатида жуда катта ўсишга эришдим. Ҳаётда ҳар хил вазият бўлиши мумкинлиги, ҳар бир ҳолатга инсон тайёр туриши кераклиги, бугун сени қарсаклар билан кутиб турганлар эртага ортингдан ёмон сўзлар айтишини, умуман ҳамма нарсага гувоҳ бўлдим. Мухлислардан сўраб қолардимки, мени ҳали унутишга эрта. Агар жамоага мослаша олмаётган ва ўйиним ёқмаётган бўлса, шу бугуноқ кетишга тайёрман, агар эплолмасам. Аммо мени эплай олишимга кўзим етади. Фақат атрофдагилар ҳам мени озгина бўлса-да, қўллаб-қувватлаб туришса зўр бўларди. Биргина хатони деб...Бу – футбол. Биз яратувчимиз, ярим ҳимоячимиз. Мен ҳар доим яратувчанлик асосида ҳужумкор ўйнаб, рақибларни алдаб, шерикларимни қулай вазиятларга олиб чиқишга одатланганман ва шунақа футбол ўйнаганман. Бугун эса “Навбаҳор”нинг ўйин услуби бошқачароқ. Ҳимояни мустаҳкамлаган ҳолда олдинги чизиқдаги вазиятдан максимал фойдаланиш. Шунинг учун мен ҳозирда кўпроқ кучимни ҳимояга сарфлаяпман. Бунга эътирозим йўқ, жамоа натижа кўрсатаётган бўлса, бундан хурсандман. Ўйиним ўз йўлига, энг муҳими, клубнинг ютуғи биринчи ўринда туради. Лекин битта хатоимни кутиб туриб захирага олиши, кескин фикр билдиришлари, қанчалик тўғри ёки нотўғри? Билмадим. Юқорида айтдим, ўша пенальти белгиланганида мураббий мени ёнига чақириб эътироз билдиргач, ўйиним ёқмаётган бўлса захирага олишини айтганим бу нормал ҳолат. Лекин мен ҳеч қачон ўйин темпига туша олмасдан қўрқоқлик қилиб ўйнаганим йўқ. Футбол эркаклар ўйини. Мураббийнинг фикрини ҳурмат қиламан, аммо ўзимни ҳам фикрим бор. Мени захирага олдими, демак, ўйиним ёқмаган.
“Мени “Навбаҳор”га ўтишимда ҳеч қандай трансфер суммаси бўлмаган”
- Яна бир ҳақиқатни айтмоқчиман, клуб мени ҳеч қандай трансфер қилиб олмаган. Бу менга қўшимча босим беряпти. Ҳамма Қувондиқни шунча пулга сотиб олди, у оқлай олмаяпти, деб ўйлаяпти. Бу мутлақо нотўғри. Мени ҳеч қанақа суммага сотиб олишмаган. Шунчаки, ўз пешона терим билан топилган пулларни Қўқон жамоасига ўтказиб берганман. “Навбаҳор”га ўтиш учун ойлик маошим керак бўлса пастлашишига рози бўлдим. Чунки мен бу клубга келиб, медаллар учун курашмоқчи эдим. Шунинг учун рози бўлганман. Футбол ўйнашдан мақсад қандайдир ютуққа эришиш, из қолдириш. Эртага фарзандларимга ўзимни ўрнак қилиб кўрсатмоқчи эдим. Ютган ютуқларимни кўрсатишни истагандим, олган пулларимни эмас. Мени “Қўқон-1912” билан шартномам тугаганди. Шу боис улар билан мутлақо хайрлашгандик ва бир-биримиздан ҳаққимиз қолмаганди. “Навбаҳор” билан ўзим келишганман. Ойлик маошим икки-уч баробар пасайишига розиман, аммо Қўқон клубига пул ташлаб кетаман, ўз ҳисобимдан, деб рози бўлганман. Шунча пайтгача индамай юрдим. Қўқонлик мухлислардан ҳам эътироз бўлди. Эркакда лафз бўлиши керак, қоламан деганди, каби гаплар айтилди. Ашурматов мени жамоада қолишимни хоҳлади. Буни ўзидан ҳам сўрашингиз мумкин. Лекин раҳбарият молиявий томондан қийналаётганди. Улар билан гаплашганимда кетишинг икки томонга ҳам яхши бўлади ва молиявий томондан ҳам ёрдам бўлади, аммо сен учун эшигимиз ҳар доим очиқ деган. Шу боис у ердан кетиб молиявий тарафдан ёрдам беришни хоҳладим. Чунки “Қўқон-1912”да салкам беш йил меҳнат қилдим. У ердан шунчаки кета олмасдим. Бунга ғурурим йўл қўймасди. Бироқ “Навбаҳор” мухлислари фалон суммага сотиб олиб, оқлай олмаяпти, қўқонлик ишқибозлар эса лафз бериб кетиб қолди, деган гаплари оғир. Бундай гаплар бўлиши мумкин эмас. Шунча пайт шу юкни кўтариб юрдим. Аммо энди буни ўзимдан холис қилмоқчиман. Яна қайтараман: ҳеч қанақа трансфер суммаси бўлгани йўқ, буни очиқчасига айтаман ва керак бўлса исботлаб ҳам бераман.
“Бабаяннинг эффекти кўриниб турибди”
- Самвел Бабаяннинг эффекти жамоада барибир кўриниб турибди. Келганидан сўнг, натижалар ҳам яхшиланди. Лекин ҳар доим биламизки, Жалилов билан Бабаян биргаликда ишлашган. Иккаласи ҳам тенг фикр билдиришади. Романовични ўзига яраша катта тажрибаси бор. Вячеславович эса руҳий томонлама жамоани кучли тайёрлай олади.
“Қўқон-1912”даги ўйинимнинг 50 фоизини ҳам “Навбаҳор”да кўрсата олмаяпман”
- “Навбаҳор”га келиб бахтлиманми-йўқми, бу унчалик муҳим эмас. Асосийси, мухлисларга ўз ўйиним билан қанчалик қувонч улашяпман, мана шу энг муҳими. Менимча, бунинг уддасидан чиқа олмадим. Негаки, “Қўқон-1912”да кўрсатган ўйинимнинг 50 фоизини ҳам “Навбаҳор”да кўрсата олмаяпман. Фақат бу ерга келганим шунда фойда бўлдики, демак, мен бундан ҳам кучли бўлишим керак, футболчи эмас, балки инсон сифатида. Ҳар қандай руҳий зарбалар ва турли гап-сўзларга тайёр бўлишим керак экан. Энди бу мени янада кучлироқ қилади, бунга 100 фоиз ишонаман. Лекин клуб президенти Отабек ака Саматовга алоҳида раҳмат. У киши доим мени қўллаб туради. Мени “Навбаҳор”га келишимни икки йил давомида қаттиқ хоҳлаган. Эътибор берган бўлсангиз, мавсум бошида клубга келган янги ўйинчилардан битта мен асосий таркибда ўйнардим. Серб легионерлари аста-секин захирага олинди. Баҳром Абдураҳимовга тўлиқ ишонч билдирилмади. Ўтган йилги жамоа учун асосий таркибга биргина мен киргандим. Шундай таассурот қолдирдики, мен келдим ва жамоа ўртамиёналар қаторида юрибди. Ваҳоланки, “Навбаҳор” ундан олдинги йилларда ҳам 7-8-ўринларда эди. Ўйлайманки, биргина менинг келишим билан клуб пастга шўнғигани йўқ.
“Навбаҳор”га келганимдан кейин кўпроқ салбий гаплар бўляпти”
- Ҳамма қатори мен ҳам оддий инсонман. Футбол фақат касбимиз. Ҳолбуки, сиз ва бошқалар каби оддий одамман. Меҳнаткаш оиланинг фарзандиман. Ҳамма нарсани ичимга ютиш ва елкамда кўтариб юриш менга ҳам қийин бўляпти. Балки ичимдагиларни айтиб бироз енгил тортарман. Ёки сизга айтаётганларимдан кейин бошқаларнинг мен тўғримдаги фикрлари ўзгарар. Шунча йил ўйнаган бўлсам, доим менга ижобий фикрлар билдирилган. “Навбаҳор”га келганимдан кейин кўпроқ салбий гаплар бўляпти. Бунга ўзим айбдорман, буни тан оламан. Бошқани айбдор қилаётганим йўқ. Фақат менга ҳам бироз ёрдам беришларини, футболчи эмас, балки инсон сифатида мени қўллаб-қувватлаб туришларини хоҳлайман. Буни раҳбариятдан ҳам, мураббийлардан ҳам, барчадан сўраб қоламан. Тўғри, биринчи давра ўрталарида марказда тўп суриб, ўйинимда бироз пасайиш пайдо бўлди. Охирларига келиб ўзимга келишни бошлагандим. Иккинчи даврада қанотга ўтказилдим. Ҳаммаси жамоа манфаати учун. Қайси чизиқда бўлмасин бор кучим билан ўйнайман. Балки 100 фоиз ўйинимни кўрсатишимга жароҳат тўсқинлик қилаётгандир. Лекин чемпионат тугаганидан кейин албатта операция столига ётиб тиззамда жарроҳлик амалиётини ўтказишим керак. Бу ҳар доим менга халақит бериб туради. Шифокорлар билан ҳам келишдим. Буни тўғри тушунишларини илтимос қилардим.
“Кимларнидир косасида қолиб кетган овқатларни еганман”
- Футболчи бўлгунимга қадар қийин кунларни бошимдан кечирдим. Официант бўлиб ишлаганман, кимларнидир косасида қолиб кетган овқатларни едим. Елкамдан икки марта жарроҳлик операциясини ўтказганман. Елкамда салкам уч йил сим турган. Аллоҳга шукрки, марҳамати билан ҳаммасини енгиб ўтдим. Лекин шу пайтгача мен ҳали ҳеч қачон руҳий зарбага учрамаган эканман. Бу зарбани “Навбаҳор”га келиб қабул қилиб олдим. Ўйлайманки, бу синовдан ҳам эсон-омон ўтиб оламан. Кучлироқ футболчи бўлишимга бу ишлар ҳам катта туртки беради. Фаолиятим ҳали олдинда. Нималар қила олишим мумкинлигини, нималарга кучим етишини ич-ичимдан яхши ҳис қилиб турибман. Бу жамоада ўз ўрнимни топаман. Бунинг учун қаттиқ меҳнат қиламан. Менга ҳеч қанақа гап-сўзлар халақит бера олмайди.
“Ашурматовнинг ҳурмати учун миллионлардан воз кечганман”
- Жамоа билан икки йилга мўлжалланган шартнома тузганман. Бу йилги ўйиним раҳбариятни қониқтирмаётганлиги табиий. Чиндан қониқтирмаётган ва мухлислар тарафидан эътирозлар бўлаётган бўлса, икки томонлама шартномани бекор қиламиз. Раҳбарият бугун қўнғироқ қилиб, керак эмассан деса кетишга тайёрман. Ойлик маошларимдан ҳам воз кечишга тайёрман. Шу пайтгача футболни пул учун ўйнамаганман. Бундан кейин ҳам шунақа бўлади. Битта мисол келтираман: Бахтиёр Ашурматов “Қўқон-1912”ни қабул қилиб олганида менга хориждан жуда қулай таклиф келиб тушган, фақат қайси мамлакатлигини айтмайман. Ўшанда мен терма жамоа аъзоси эдим. Ойлик маоши ҳам жуда баланд эди. Бахтиёр Ашурматов билан гаплашганимда чемпионат бошланишига бир ҳафта қолди, менга ёрдам бергин, туғилиб ўсган шаҳримга келдим, нима бўлганда ҳам бу ерда натижа қилишим керак, бунда сени ёрдаминг керак укажон, деб менга бир оғиз айтган гаплари, мотивацияси ва ҳурмат қилиб гапиргани учун миллионлаб пуллардан кечганман ва Қўқон жамоасида қолганман. Ўшанда телефонимга янги клубдан аниқ таклиф келиб тушган. Визалар ҳам юборишган. Агентлар менинг ўша жамоага ўтишимга роса ҳаракат қилишган. Аммо “Қўқон-1912” ва Ашурматов ҳурмати учун қолдим ва ўтган йили юзимиз ёруғ бўлди. Мавсум бошида олтиталикка кириш вазифаси қўйилди, биз бешталикка кирдик. Клуб тарихида иккинчи марта бешинчи ўринни олдик. Шунинг учун жамоада ўз ишимни бажариб бўлдим, деган ҳолатда кетдим.
“Навбаҳор” шу йўлда кетса, келаси йили совриндорга айланади”
- Охирги гапим: мухлисларга ҳар қандай вазиятда ҳам сабрли бўлишларини, “Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлашларини сўрайман. Футболда ҳеч ким ўз-ўзидан чемпион бўлиб қолмайди, ғалаба билан мағлубият доимо бирга. Масалан, орада “Локомотив” кетма-кет чемпионликка эришгач, кейин “Пахтакор” ҳукмронликни қайтариб олди. Жамоа йиллар ўтиб шаклланади. Албатта, жонкуяр ишқибозларимизга ташаккур айтаман. Қаерга борсак, улар биз билан ва керак бўлса, рақиб жамоа мухлисларидан кўп бўлган ҳолда қўллаб туради. Бу мухлисларга фақатгина тасанно дейман. Айнан ўша ишқибозлар учун сабр тилайман. “Навбаҳор” шу йўлда кетса, келаси йили бемалол соврин юта олади.
Фикрлар