Ўз имкониятларини ўзи йўққа чиқараётган "Манчестер Юнайтед"
АПЛнинг 35-турида "Манчестер Юнайтед" "Вест Хэм" меҳмони бўлиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. "Қизил иблислар"га ўтказиб юборилган гол жуда аламли бўлди. 27-дақиқада Бенрахма 3 та футболчи орасидан кутилмаган зарбани йўллади ва Де Хеа тўпни қайтара оладиган ҳолатида ҳам хатога йўл қўйиб, жамоасини мағлубиятига сабабчи бўлган голни ўтказди. Якунда жамоа ўзига керак бўлган муҳим очкони йўқотди.
МЮ кетма-кет иккинчи марта қоқилди. Бу клубни кейинги мавсум Чемпионлар лигасига йўлланмасиз қолдириши мумкин. Айни пайт турнир жадвалида 4-ўринда бораётган манчестерликларда 63 очко мавжуд. Ортдан шиддат билан келаётган "Ливерпуль" билан фарқ 1 очко. Тўғри Клопп шогирдлари битта кам ўйин ўтказган. Аммо "Ливерпуль" кетма-кет 6 та баҳсдан бери ғалаба қозониб келмоқда. Курашни ушлаган мерсисайдликларни олдинда "Лестер", "Астон Вилла" ва "Саутгемптон"га қарши ўйинлар кутмоқда. Бирмингемликларни айтмаганда қолган иккита жамоа "Ливерпуль"га ҳеч қанақа қаршилик кўрсата олмайди. Бири деярли АПЛ билан хайрлашган, бошқаси ҳали ўзини ўнглаб олмаган "тулкилар". Бу учрашувларда қанақадир кутилмаган ҳодиса содир бўлмаса, "қизиллар" 9 очкони қўлга киритиш эҳтимоли жуда баланд. Келинг, "Манчестер Юнайтед"ни олдинда кутиб турган учрашувларга эътиборимизни қаратамиз. Клуб "Вулверхэмптон", "Борнмут", "Челси" ва "Фулхэм"га қарши майдонга тушиши керак. Мана шу ўйинларда МЮ бир очко ҳам йўқотмасдан фақат ғалаба қозониши лозим бўлади. Энди ҳар бир баҳс уларга финалдек ўтади.
"Манчестер Юнайтед"нинг Европа лигаси доирасида "Севилья" билан бўлиб ўтган ўйини жамоа учун ҳар томонлама кучли зарба бўлганди. "Қизил иблислар" нафақат турнирни тарк этган, балки асосий ҳимоячилари Лисандро Мартинес ва Рафаэль Варанни мавсум сўнггига қадар йўқотган баҳс эди. Футболчилар сафдан чиққанидан кейин Магуайрни майдонга қайтиши жамоа учун яна бир оғриқ бўлди. У қўпол хатоларга йўл қўйиб, "Севилья"ни кейинги босқичга олиб чиққанди. "Ливепруль" ва "Ньюкасл"дан учралган мағлубиятлардан кейин аста-секин ўзига келиб олаётган "Манчестер Юнайтед" Испанияда таслим этилди. Айнан ўша муваффақиятсизликдан кейин Тен Хаг шогирдлари атиги бир марта зафар қучди. Мураббий ҳозир иложсизликдан қанот ҳимоячиларини марказга ўтказди. Шу билан биргаликда, мавсум давомида кам ўйин амалиётига эга бўлган Линделёф ҳам энди асосий таркибда тушяпти.
Умуман олганда, "Манчесетр Юнайтед"да фақат Магуайр ва Де Хеани айблаб бўлмайди. Вегхорст трансфери омадли бўлмади. Ҳужумчи келганидан бери 26 та ўйинда 2 та гол урди. У майдонда жуда кам фойда келтираётганидан кейин Тен Хаг нидерландияликка имкон тақдим қилмоқда. Бундан ташқари, Рэшфорд ҳам сўнгги пайтлар камнамо бўлиб қолди. Охирги марта "Тоттенхэм"га қарши битта гол ва битта ассист амалга оширди. Шундан бери на рақиб дарвозасини ишғол қилди, на шерикларига голли пас берди. Эриксен, Фред ва Санчолар ҳам стабил эмас. Агарда бу футболчилар мана шундай давом этса, клуб мухлислари яна бир мавсум ўз суюклиларини Европа лигасидаги ўйинларини томоша қилади.
Суҳроб Холбеков
Фикрлар