Ўзбек бокс юлдузлари Фрэнсис Нганну-Энтони Жошуа жангидан сенсация кутмоқдами?

Хабарингиз бор, 8 март куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида катта профессионал бокс кечаси ташкил этилади. Ушбу оқшомнинг марказий жангида собиқ UFC чемпиони Фрэнсис Нганну британиялик собиқ WBA, WBO, IBF чемпиони Энтони Жошуага қарши рингга кўтарилади. Маълумки, Нганну профессионал боксдаги фаолиятини ҳам бошлаб олган ва дебют жангида Тайсон Фьюрига очколар ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди. Хуллас, биз ушбу жанг борасида ўзбек бокс олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.

Ғайрат Аҳмедов – собиқ боксчи

- Тўғриси, бу жангда сенсация бўлиши мумкин. Чунки, Нганнуда жуда кучли зарба бор. Жошуанинг жағи бақувват эмас. Зарба кўтара олмайди. Агар, Жошуа 3-4 раундгача жанг тақдирини ҳал қилмаса, қолган раундлар унинг зарарига ишлайди.

Ғайратжон

Иқболжон Холдоров - боксчи

- Энди, биз боксчимиз, Жошуага мухлислик қиламиз. У ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Чунки улар бокс тушяптику. Бу жанг тўлиқ давом этади, деб ўйламайман. Муддатидан аввал якунланади. Жошуада ҳам имконият йўқ демоқчимасман. Бироқ барибир Жошуа унга қараганда мукаммалроқ бокс тушади.

Иқболжонбек

Абдумалик Ҳалоков – боксчи

- Бу жанг ҳақида гапирадиган бўлсак, жуда қизиқ баҳсни гувоҳига айланамиз. Нганнуда ҳам яхшигина бокс кўникмалари бор. Қолаверса, кучли зарбага эга. Аммо у барибир соф боксчига қарши рингга кўтариляпти. Жошуа собиқ чемпион. Шундай бўлса-да, жанг тўлиқ давом этади, деган фикрдаман. Якунда, Жошуа ғалаба қозонади.

Абдумаликжон

Лазизбек Муллажонов – боксчи

- Бу жангни барча кутаётганлиги аниқ. Ўйлайманки, улар иштирокидаги тўқнашув мухлисларни зериктириб қўймаса керак. Фьюри билан жангда Нганну яхши таассурот қолдирди.  Бироқ Жошуа бу жангга жиддий қарамоқда ва у ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Имкониятларни 70/30 деган бўлардим.

Лазизбекжон

Ҳасанбой Дўсматов – боксчи

Фрэнсис Нганнуни Тайсон Фьюри билан жангдан сўнг, боксдаги имкониятларига юқори баҳо бериляпти. Аммо Фьюри бу жангга у қадар яхши тайёргарлик кўрганди, деб айта олмайман. У Нганнуни менсимади, осон ғалабани кўзлаганди. Шунинг учун у қийналди. Жошуа эса бу жангга жиддий ҳозирлик кўрди. Жошуа "битта ўқ билан иккита қуённи уради". Яъни, у Усикдан кейинги мағлубиятларни ушбу шов-шувли жанг билан ёпиб кетади ва Тайсон Фьюри зўрға ютган Нганнуни муддатидан аввал таслим этиб, Фьюрини чорловларига ўзига хос жавоб беради. Жанг муддатидан аввал якунланади. 100 эмас, 150% Жошуа ютади.

Дўсматов

Баҳодир Жалолов – боксчи

Бу жанг ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Энтони Жошуа ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Жошуа ҳам “панчер” боксчилардан саналади. Икки жисмоний имкониятлари бир-бирига ўхшаш рақибларнинг баҳси десак, янглишмаган бўламан. Бироқ, Жошуада бокс мактаби ва қобилияти яхши шаклланганлиги эвазига ғалабани қўлга киритади.

Баҳодиржон

Жасур Мирзамуҳамедов вазн ўлчаш маросимида иштирок этди. Титанлар жангини кўрамиз (Видео)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!