Ўзбек боксчилари жаҳон чемпионатларида қандай натижа қайд этган?
Ads

Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатига ҳамм старт берилди. Мазкур дунё биринчилигида Ўзбекистон бокс терма жамоаси тўлиқ таркиб – 10 вазн тоифасида иштирок этмоқда.

Шу муносабат билан боксчиларимизнинг жаҳон чемпионатларида қайд этган натижаларини ёдга олиб ўтамиз.

– Спортчиларимиз учун мазкур мусобақа 13-си бўлади.

–Ўзбекистон терма жамоаси илк марта 1993 йили Финляндияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этган.

–  Ўзбекистон боксчилари бугунги кунга қадар дунё биринчиликларида жами 30 медаль: 5 олтин, 10 кумуш ва 15 бронза медалларини қўлга киритишган.

– Шу кунга қадар Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров, Руслан Чагаев ва Аббос Атоев жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишган. Ўзбек боксчилари ичида Аббос Атоевгина икки марта жаҳон чемпиони деган номга сазовор бўлган.

– 1999 йили Хьюстон шаҳри мезбонлик қилган дунё биринчилиги боксчиларимиз учун омадли кечган. Ўшнада Муҳаммадқодир Абдуллаев ва Ўткирбек Ҳайдаров жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. Тўлқинбой Турғунов эса кумуш медали билан кифояланган.

– 2015 йили Доха шаҳри мезбонлик қилган сўнгги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 6 медал – 3 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритган. Ўшанда Муроджон Ахмадалиев (56 кг), Фазлиддин Ғоибназаров (64 кг), Бектемир Мелиқўзиев (75 кг) кумуш ва Элнур Абдураимов (60 кг), Элшод Расулов (81 кг), Баҳодир Жалолов (+91 кг) бронза медаллари билан тақдирланишган.

Шу вақтга қадар терма жамоамиз қитъа ва Олимпия ўйинларида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритган эди, бироқ жаҳон чемпионатида бирор марта бундай натижа қайд этишмаган. Бу сафарги чемпионатда эса ана шундай натижани қайд этишини тилаб қоламиз.